Германиянинг турк депутатлари ўлим таҳдиди олмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Германия парламентининг асли турк депутати Жем Ўздемирнинг айтишича, парламент 1915 йилда арманларнинг Усмонли турклар томонидан қирилишини геноцид дея тан олиши ортидан у ўлим таҳдидларини олган.

Германиядаги Яшил партиянинг раисдоши бўлган жаноб Ўздемир бу борадаги резолюциянинг ташаббускорларидан биридир. Полиция унинг атрофидаги хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бу қарор ортидан немис депутатларни қоралаган. Жаноб Эрдўған Германия парламентининг 11 нафар асли турк аъзосини тилга олиб "Улар қанақа турклар ўзи?" деб сўраган.

"Уларнинг қонини лабораторияда текшириб кўриш керак", - деган у.

Анқара ҳокими Иброҳим Мелиҳ Гўкчек эса 11 депутатнинг суратларини Твиттерда чоп қилиб "улар бизнинг орқамиздан пичоқ уришди", деб ёзган.

Сешанба куни Германия парламенти аксарият кўпчилик овоз билан арманлар қирғинини "геноцид" дея тан олишга овоз бериши ортидан Туркия ҳуку ғазабланди ва ўзининг Берлиндаги элчисини ортга қайтариб олди.

Арманларнинг айтишларича, 1915 йилда Усмонли турклар империяси 1,5 миллион арманни қириб ташлаган. Туркия эса бу кўрсаткич аслида анча камроқ эканини айтади ва "геноцид" сўзи ишлатилишига қарши.

Жаноб Ўздемирнинг ёрдамчиси Марк Бертолд: "Биз ҳақоратларга ўрганиб қолганмиз, лекин ҳеч қачон бунча кўп ўлим таҳдидларини олмагандик", - деб айтди.

Яна бир асли турк Германия парламенти депутати Ўзжан Мутлу Анқара ҳокимининг твитини қоралади. Немис матбуотига кўра, бу твитни турк миллатчилари ретвит қилишган ва уларнинг баъзилари ўлим таҳдидини қилганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.