'33 йил бадалидаги энг узоқ Рамазон’

Британиялик мусулмонлар учун бу йилги Рамазон худди ана шундайи бўлади.

Бунга бу йилги муқаддас Рамазон ойининг айни ёзги қуёш туриш пайтига тўғри келгани сабаб бўлган.

Ёзги қуёш туриши эса, кунларнинг энг узун ва тунларнинг энг қисқа бўлиши билан характерланади.

Буюк Британиянинг қай бир нуқтасида эканликларига қараб, мусулмонларнинг рўза вақтлари бу йил 16 дан 19 соатгача чўзилиши мумкин.

Мавжуд ҳолат Буюк Британияда ҳали йил бошидаёқ хавотирларга сабаб бўлган.

Масъуллар бу йилги Рамазон ойининг ўзига хосликларини инобатга олиб, аввалбошданоқ мактаблардаги битирув имтиҳонлари тақвимини шунга мослаб тузиб чиқишганди.

Британия Мусулмонлар Кенгаши эса, рўзадорларни Рамазон ойининг узоққа чўзилувчи ва айниқса, иссиқ кунларида эҳтиёт бўлишлари билан ҳам огоҳлантириб чиққан.

Кенгаш ёзги иссиқда тананинг сувсизланиши хатарли эканини айтиб, мусулмонларга саҳар ва ифтор пайтида имкон қадар кўп сув ичишни ҳам қатъий маслаҳат берган.

Лондоннинг яқинда сайланган биринчи мусулмон ҳокими Содиқ Ҳон ҳам ўзининг твитида рўза тутишнинг осон бўлмаслиги, айниқса, қаҳванинг хуморидан азоб чекишини эътироф этган.

Янгилик эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Сўнгги йилларда мусулмон олами учун муқаддас Рамазон ойининг ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келаётгани бундан аввал ҳам Британия қолиб, дунёнинг қатор давлатларида ҳам баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Жумладан, ўтган йили таниқли уламолардан бири, доктор Усома Ҳасан рўза соатларини қисқартириш таклифи билан чиққанди.

Британиялик доктор бунинг сабабини узун рўза соатларининг инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш истаги билан изоҳлаганди.

Маълумки, Рамазон ойида мусулмонларнинг тонгдан шомгача рўза тутишлари фарз саналади.

Британияда бу йил Рамазон ойи мобайнида Қуёш чиқиши ўртача тонгги соат 4.45 лар ва ботиши эса, кечки 21.23 ларга тўғри келмоқда.

Эрталабки “оғиз ёпиш” саҳар учлар атрофида, “оғиз ёпиш” эса, кечқурунги тўққиз яримлар атрофида бўлмоқда.

"Ёзнинг қоқ ўртасида рўза соатлари жуда узоқ - чунки биз экваторга қараганда Шимолий Қутбга яқинмиз. Ва асрлар давомида мусулмон ҳуқуқшунослар рўза соатларингни Маккага белгилаб олишинг мумкин, деб келганлар - 12 соат, 14, 15, 16 соат. Лекин ундан кўп эмас. Бу жуда нозик масала, шунинг учун Британ мусулмонлари мувозанатли ёндашув қилишлари керак, деб ўйлайман”, - деб айтганди доктор Усома Ҳасан.

Британиялик докторнинг бу таклифи ортидан Би-би-си Ўзбек Хизмати муносабатини сўраб, ўшлик уламо Содиқ қори Камолиддин билан боғланган, суҳбатдошимизнинг жавоби эса, “рўза вақтини ҳеч ким камайтириб ва ёки узайтира олмаслиги” қабилида бўлганди.

“Бу - Аллоҳнинг қонуни. Ер юзидаги мусулмонлар учун тушган қонун, дастур. Ҳеч ким бу вақтни бирор дақиқага ё чўзолмайди ё камайтира олмайди... Ўша субҳ вақтидан то кун ботгунгача деб белгилаб қўйилган”, - деб айтганди ўшлик уламо.

Ўз ўрнида, суҳбатдошимиз истисновий ҳолатлар борлигига ҳам алоҳида тўхталган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

“Хасталар, сафардаги мусофирлар... ёки қийин шароитларда ишлайдиганлар бундан мустасно” экани, “улар ё каффорат беришлари ва ёки қишнинг қисқароқ кунларида рўзанинг қазосини тутиб беришлари кўзда тутилгани”ни айтганди.

Аммо британиялик аксарият мусулмонлар ўтган йили доктор Усома Ҳасаннинг бу таклифига қулоқ тутмасликлари, Рамазон ойида “Аллоҳнинг ўзи инсонга куч” беришини айтишганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ