Эрдўғон: 'Истанбулдаги портлашга PKK айбдор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Бу ҳақда Туркия президенти Истанбул марказидаги йирик портлашдан саноқли соатлар ўтиб баён қилди.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғонга кўра, камида 11 кишининг умрига зомин бўлган сўнгги портлашга Курд Ишчилар Партияси айбдордир.

Туркия раҳбарига кўра, Истанбулдагига ўхшаш портлашлар бу партиянинг одатий тактикаси ва улар шу йўл билан мухториятга эришишмоқчи.

Аммо, президент Ражаб Тойиб Эрдўғонга кўра, мамлакати террорчиларга қарши якунигача кураш олиб боради.

Курд Ишчилар Партиясининг фаолияти Туркияда расман тақиқланган.

Тонгги портлаш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги портлаш Истанбул марказида, одатда, сайёҳлар билан гавжум бўлувчи тарихий Боязит майдони яқинида юз берган.

Портлаш ортидан, отишма садолари ҳам қулоққа чалингани айтилмоқда.

Дастлабки хабарларга кўра, портлаш талофатларсиз кечмаган.

Портлаш оқибатида камида 11 киши қурбон бўлган. Ўттиздан ортиқроғи яраланган.

Қурбонлардан 7 нафари полиция ходимлари, қолганларининг оддий одамлар экани айтилмоқда.

Сўнгги ҳодисага ҳозирча масъулиятни расман бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Автобус бекатига яқин портлаш сатҳида бир қанча “Тез ёрдам” машиналарининг кўзга ташланиши айтилади.

Воқеа шоҳидларининг сўзларига таянилса, портлаш тонгги гавжум соатда амалга оширилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳодиса юз берган пайтда автобус бекати яқинидан полициячиларнинг автобуслари ўтиб кетаётган бўлган.

Дастлабки тахминларга кўра, портлаш олисдан туриб бошқарилувчи ускуна томонидан амалга оширилган.

Имконли бўлган видеотасвирлардан автобуснинг вайрон бўлгани, ён-атрофдаги биноларга ҳам зиён етгани кўрилади.

Таъкидлаш жоиз, Туркия сўнгги ойларда қатор портлашларга саҳна бўлмоқда.

Турк масъулларининг наздларида эса, уларнинг ҳар бири “теракт” бўлган.

Жумладан, 12 май куни Истанбулда портловчи модда тўлдирилган машина портлатилган, натижада бир неча киши жабр кўрганди.

Худди шу манзарада Истанбул баробарида Диёрбакир шаҳрида ҳам қатор портлашлар амалга оширилган.

Туркия ҳукумати уларда асосан курд радикаллари ва Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳини айблаб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг айтишича, ўз хавфсизлик кучларига бас кела олишмаётгани учун ҳам, террорчи гуруҳлар тинч аҳолини нишонга олишмоқда.

Курд бўлгинчиларининг фаоллашуви ва қўшни Суриядаги нотинчликлар боис, сўнгги пайтларда Туркияда ҳам зўравонликларнинг кучаётгани кузатилади.

Туркия Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига қарши тузилган Ғарб бошчилигидаги ҳарбий коалицияга ҳам аъзо.

Ҳамда иттифоқ кучларига ИШИДга қарши амалиётларида ўзининг Инчирлик ҳаво базасидан фойдаланишга рухсат берган.

Расмий Анқара ва жангари Курд Ишчилар Партияси ўртасидаги икки йиллик оташкесин битими эса, ўтган ёзда чиппакка чиққан.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ