Дунё Муҳаммад Али билан видолашмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Дафн маросими Алининг Луисвилдаги охирги жанги ўтган ўйингоҳда ўтказилган.

АҚШнинг Кентукки штати Луисвилл шаҳри- афсонавий бокс қироли Муҳаммад Алининг ватанида уни дафн қилиш маросимлари бошланган. Муҳаммад Али билан видолашув икки кун давом этади.

Аввалига ислом дини анъаналари бўйича маросим ўтказилган.

Муҳаммад Али ўзининг дафн маросимини ўтказишни шахсан ишлаб чиққан эди, деб айтган унинг оиласи вакили.

Маросим ўтишига бош-қош бўлган имом Заид Шокирнинг тушунтиришича, Муҳаммад Али мусулмонча дафн "маърифий воқеа" бўлишини истаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Муҳаммад Али кўп мамлакатларга турнеси пайти мусулмонлар билан бирга намоз ўқиган.

Муҳаммад Али ўтган жума 74 ёшида оламдан ўтди.

Очиқ видолашув маросими учун 14 мингдан ортиқ бепул чипталар бир соатдан камроқ вақт ичида тарқатиб бўлинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Луисвилдаги Али музейи олди гуллар билан тўла.

Дафн маросими учун Алининг 1961 йилда Луисвиллдаги охирги жанги ўтган KFC Yum аренаси танланган.

Ўзининг шон-шуҳратли карьераси давомида Али кўплаб мамлакатларда бўлган ва дунёдаги энг машҳур мусулмонлардан бирига айланган.

Муҳаммад Али Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган, Тошкент, Самарқанд каби шаҳарларда бўлганини ўзбекистонликлар фахр билан тилга оладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Америка миллий телевидениесида илк бор мусулмон анъаналари бўйича дафн маросими трансляция қилинган.

Муҳаммад Али ўзининг эътиқоди ва принциплари учун бор шуҳрати, бойлигини қурбон қилишга тайёр эди" деб айтган имом Шокир марҳумнинг тобути ёнида жаноза намозини ўқиб бўлгач.

"Исломофобия ҳукм сурган сиёсий муҳитда бу дафн маросими бир вақтнинг ўзида яхши мусулмон ва яхши америкалик бўлиш мумкин эмас, деган ғояга жавоб амали бўлади, деб айтган Америка-Ислом муносабатлари кенгашидан Довуд Валид.

Дафн маросимида кўплаб мамлакат раҳбарлари, жумладан АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон иштирок этишади. Илгари қатнашиши айтилган Президент Барак Обама катта қизининг битириш маросимида иштирок этиши сабабли Муҳаммад Али билан видолашувга келмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Дафн маросимида сўзга чиққан ислом уламоси, доктор Шерман Жексон шундай деган: "Али инсон ҳам мусулмон ҳам америкалик бўлиши мумкинми, деган саволни ёпди. У бу саволни нокаут қилди".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.