Орландо-ИД алоқасига доир 'аниқ далил йўқ'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Президент Обама ҳужумга "нафрат сабаб бўлгани"ни айтган

АҚШ Президенти Барак Обама Орландадаги ҳужумчи Исломий давлат гуруҳи билан боғлиқ ҳолда ҳаракат қилганини кўрсатувчи далил йўқлигини айтган.

Унга кўра, ҳодиса террор амали сифатида кўрилмоқда.

Аввалроқ ИД ҳужум учун масъул эканини даъво қилган эди.

Якшанба куни Орландодаги тунги клубда содир бўлган ҳужумда Умар Матин 50 кишини ўлдирган, яна 53 нафар одамни яралаган.

Полиция ҳужумчини отиб ўлдирган.

Ҳужумчининг отаси "ўғлининг юраги нафратга тўлгани"ни билмаганини айтган.

Сиддиқ Матин ўғли нима учун Pulse тунги клубига ҳужум қилганини тушунмаганини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK
Image caption Сиддиқ Матин ўғли нима учун тунги клубга ҳужум қилганини тушуна олмаётганини айтган

Ҳодиса АҚШнинг яқин тарихида якка шахс томонидан содир этилган энг қақшатқич ҳужум деб кўрилмоқда.

Сиддиқ Матин аввалроқ ўғли Маямида икки эркакнинг ўпишаётганини кўриб, ғазабга келганини айтган.

Интернетда эълон қилинган баёнотида асли келиб чиқиши афғонистонлик Сиддиқ Матин ўғли "жуда яхши бола" бўлгани, аёли ва фарзанди борлигини айтган.

"Нега бундай бўлганини билмайман. Мен ҳеч қачон унинг юрагида нафрат бўлганини билмаганман. Жуда ҳам қайғудаман", деб ёзган ҳужумчининг отаси.

Ўзбекистонлик аёл

Айни пайтда Умар Матиннинг собиқ хотини журналистлар билан суҳбатда унинг руҳан беқарор бўлганини айтган.

Асли ўзбекистонлик экани билдирилган Ситора Юсуфийнинг айтишича, собиқ турмуш ўртоғи уни бот-бот дўппослаган ва яқинларига телефон қилишни тақиқлаб қўйган.

Image caption Ҳужумчининг собиқ аёли Ситора Юсуфий асли ўзбекистонлик

Ситора Юсуфий Матинга 2009 йилда турмушга чиққан.

Франс пресс агентлигининг маълумотларига кўра эр-хотин 2011 йилда ажрашишган.

Шундан кейин Юсуфий, ўзининг сўзларига кўра, собиқ турмуш ўртоғи билан алоқани тўхтатган.

Ўзбекистонлик собиқ аёлининг айтишича, Юсуфий ўзгача жинслиларга қарши тоқатсизлиги билан ажралиб турган, аммо диний радикализмга мойил бўлмаган.

Матин қарийб 10 йил давомида дунёнинг энг йирик қўриқлаш ширкатларидан G4S да ишлаган ва қурол олиб юриш унинг тўғридан-тўғри вазифаси ҳисобланган.

Ҳозирда ҳужумчининг тунги клубда хизмат қуролидан ўт очганми ёки шахсий қуролини ишлатганми, аниқланмоқда.

Трамп: 'Обама масъул'

Исломий давлат гуруҳига яқин Amaq агентлиги ИШИД ҳужум учун масъул эканини даъво қилган, аммо ҳужумчи билан гуруҳ ўртасида тўғридан-тўғри алоқа бўлгани маълум эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption АҚШ бўйлаб қурбонларни хотирлаш маросимлари бўлиб ўтмоқда

АҚШ матбуотининг ёзишича, ҳужумдан аввал Матин фавқулодда хизматлар рақами - 911 га қўнғироқ қилиб, Исломий давлатга қасамёд қилганини айтган.

Президент Обама ҳодисани террор ҳужуми деб атаб, бутун мамлакат бўйлаб мотам эълон қилган.

У ҳужум билан боғлиқ текширувлар давом этаётганини маълум қилиб, "ҳозирча аниқ бўлган нарса ҳужумчининг ичидаги нафратдир", деб айтган.

Айни пайтда республикачилардан АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп ҳужум учун президент Обама ҳукуматини масъул тутган.

"Лидерларимиз кучсиз. Бу воқеаларнинг юз беришини мен олдиндан айтгандим. Сиёсий эҳтиёткорликдан воз кечишимиз керак. Менинг дардим одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш", - деб айтган аввалроқ мусулмонларни АҚШдан бадарға қилишга чақирган республикачилар номзоди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.