Умар Матин Pulse клубининг мижозларидан бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Тўрт гувоҳ Умар Матинни Pulse клубида бир эмас, бир неча марта кўрганларини айтганлар.

АҚШнинг Орландо шаҳридаги ҳамжинсбозларнинг Pulse тунги клубида 49 инсонни ўлдирган асли келиб чиқиши афғонистонлик Умар Матинни бундан олдин ўша клубда ичиб ўтирганини кўришган.

Камида тўрт гувоҳ сўзларига кўра, Умар Матинни Pulseда бир эмас, бир неча марта кўрганлар.

Баъзан меъёридан кўп ичиб юбориб жанжал бошлаган пайтлари ҳам бўлган, деб айтишган гей-клуб мижозлари.

Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, Умар Матин ҳамжинсбозлар танишиши учун мўлжалланган мобиль аплликация орқали учрашув таклиф қилган, лекин бу учрашув амалга ошмаган.

Бундан олдин матбуот Умар Матин ҳамжинсбозларни ёмон кўргани учун гей-клубнинг мижозларига ҳужум қилган, деган хабарлар кўпайган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Умар Мартиннинг радикаллашишига экстремистик гуруҳлар билан тўғридан-тўғри алоқадорлиги эмас, Интернетдаги исломий тарғибот туртки берган деб кўрилаяпти.

Орландо полицияси оммавий ахборот воситаларида тарқалган Умар Матиннинг 911 қутқарув хизматига қўнғироқ қилиб эълон қилган баёноти борасида тушунтириш берган.

Дастлабки хабарларда Умар Матин 911 хизматига қўнғироқ қилиб ўзининг бу амали “Исломий Давлат” номидан содир этилган ҳужум эканини айтгани хабар қилинган эди.

Маълум бўлишича, Умар Матин ИШИДга хайрихоҳлиги билан бирга, 2013 йили Бостон марафонида портлашларни содир этган ака-ука чечен Жоҳар ва Тамерлан Царнаевларни қўллаб-қувватлашини ҳам, асли америкалик “Ал-Қоида” худкуш ҳужумчисини дастаклашини ҳам айтган.

ИШИД ва “Ал-Қоида” дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчилик ташкилоти деб расман эътироф этилган, бироқ икки гуруҳ бир-бирига душман деб кўрилади.

Полиция маълум қилишича, 2013 йили Умар Матинни полиция сўроқ қилган.

Бунга Матиннинг ҳамкасбларига гўёки Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳи аъзоси экани ҳақида айтгани сабаб бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 13 июнь куни дунёнинг кўп шаҳарларида Орландо қурбонлари билан бирдамлик маросимлари ташкиллаштирилди.

“Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ҳам “Исломий Давлат” ва ҳам “Ал-Қоида”га душман гуруҳ деб кўрилади.

Шу сабабдан ҳам Умар Мартиннинг радикаллашишига экстремистик гуруҳлар билан тўғридан-тўғри алоқадорлиги эмас, Интернетдаги исломий тарғибот туртки берган деб кўрилаяпти.

Орландодаги Pulse гей-клубидаги отишма 12 июн тунида рўй берди.

Тўппонча ва автомат қурол билан қуролланган Умар Матин клубга кириб келиб, ичкаридагиларга қарата ўт очишни бошлаган.

Оқибатда 49 инсон ҳалок бўлган, 53 киши яраланган.

Клубга келган полиция махсус кучлари Матиннинг ўзини отиб ўлдирган.

АҚШ расмийлари ҳодисани террорчилик хуружи деб таснифлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ