Инглиз миллатвакили қуролли ҳужумда ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жо Кокс Британия муҳожирларга эшикларини очиши кераклигини айтган

Британия парламентининг қуйи палатаси аъзоси Жо Кокс ўз сайлов ҳудуди Берсталлдаги қуролли ҳужум натижасида ўлдирилган.

Полициянинг билдиришича, ҳужум депутат ҳар ҳафта сайловчиларни қабул қиладиган бино ёнида содир бўлган.

Ҳодисада 77 ёшли яна бир киши жабр кўрган, аммо шифокорларга кўра, унинг ҳаёти хавф остида эмас.

Ҳужумга алоқадорликда 52 ёшли эркакнинг ҳибсга олингани маълум қилинган.

41 ёшли Жо Кокс Британия парламентининг охирги чорак асрда ўлдирилган биринчи амалдаги миллатвакили бўлган.

1990 йилда Консерваторлар партиясининг аъзоси Иэн Гоу шимолий ирландиялик террорчи гуруҳлар томонидан содир этилган ҳужумларнинг сўнгги қурбони бўлган эди.

Ғарбий Йоркшир полициясининг билдиришича, тергов жараёни бошланган ва кўплаб гувоҳларнинг сўроқ қилиниши кутилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳозирда терговнинг асосий мақсадларидан бири қотилликка нима ундаганини аниқлаш.

Миллатвакилининг ўлими муносабати билан Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқиши тўғрисидаги референдум арафасида тарафдор ва қарши бўлганларнинг тарғибот кампаниялари тўхтатилган.

Шафқатсиз ва даҳшатли

Ҳодисага шоҳид бўлган маҳаллий қаҳвахона эгаси Кларк Ротуэллнинг айтишича, худди "шар ёрилиши каби пақиллаш" овозини эшитган.

"Ўша тарафга қараганимда, оқ бейсбол кепкаси кийган ва қўлида қуроли бор 50 ёшлар чамаси бир эркакни кўрдим. Қуроли эскига ўхшарди".

"У аёлга қарата ўқ узди, аёл ерга йиқилди, кейин яна бир марта отди ва устига эгилиб, юзига яна бир марта ўқ узди", -деб айтган шоҳид.

Унинг сўзларига кўра, кимдир ўқ узган одамни ушламоқчи бўлган пайт у ёнидан пичоқ чиқариб, унга ҳужум қила кетган.

"Одамлар бақириб, қочишарди", - деган Ротуэл.

Ҳамдардлик

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Жо Коснинг ўлимини фожиа деб атаган ва марҳуманинг яқинларига таъзия изҳор қилган.

Лейбористлар партияси раҳбари Жереми Корбин ҳодисадан ларзага келганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Полиция 52 ёшли эркакни ҳибсга олган

Кокснинг ўлими Британия ташқарисида ҳам акс-садо берган.

Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтон қотилликни "шафқатсиз ва даҳшатли" деб атаган.

Турмуш ўртоғи икки фарзанднинг онаси бўлган Жо Кокс дунёда яхшилик учун курашганини айтган.

Жо Кокс британ парламентига 2015 йилда сайланган эди.

Кембриж университетини битирган ва Oxfam ёрдам ташкилотида ишлаган Кокс суриялик қочқинларга ёрдам ва Африкага хайрия масалаларида фаол бўлган.

У Британия муҳожирларга ўз эшикларини очиши кераклигини айтган.

  • Bi-bi-si O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to'siq bo'lsa, uzbekweb.netga kiring.

Бу мавзуда батафсилроқ