Она ўғлини пума оғзидан қутқариб қолди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Колорадолик она 5 яшар ўғлининг бошини пуманинг оғзидан чиқариб олган.

Питкин графлиги расмийлари хабар қилишларича, ҳодиса 17 июнь жума кечга яқин Аспен шаҳарчаси яқинида юз берган.

Уй ичкарисида бўлган она ҳовлида ўғилчасининг чинқиргани овозини эшитган.

Чиқиб қараса, ерда ётган ўғлининг устида пума қоплони турипти.

Исми-шарифи эълон қилинмаётган аёлнинг сўзлаб беришича, у югуриб бориб чап қўли билан пуманинг олд оёғи панжасини қаттиқ ушлаган.

Ўнг қўлини эса ҳайвоннинг оғзига тиққан.

Пума ўғлининг бошини оғзида ушлаб турар, аёл қоплоннинг оғзини катта очиб ўғлининг бошини чиқариб олган.

Аёлнинг қўл ва оёғини ўткир тирноқлари билан тирнаган пума қочиб қолган.

Питкин графлиги шерифи идорасидан хабар қилишларича, юзи, боши ва бўйни жароҳатланган болакай Денвер шаҳри шифохонасига етқазилган.

Лекин боланинг саломатлиги яхши, жароҳатлари жиддий эмаслиги айтилмоқда.

Полицияга хабар берилганидан кейин табиат мутахассислари ҳодиса жойига етиб борганлар.

Аёлнинг уйидан унча узоқ бўлмаган жойда бир пума отиб ўлдирилган.

Табиат мутахассислари айтишларича, бу пума икки ёшда бўлган.

Сўнг яна ён-атрофда қидириш бошланган ва орадан бир неча соат ўтиб яна бир пумани ўлдирганлар.

Расмийларнинг тахмин қилишларича, Колорадо штатида 4500 тача пума яшайди.

Охирги марта Колорадонинг шимоли-ғарбидаги овлоқ жойда ўтган йили июлида балиқ тутаётган эркакка ёш пума ҳужум қилган эди.

Баданлари тирналган эркак тирик қолган эди.

Хабар қилинишича, сўнгги 25 йил мобайнида пумалар ҳужум қилиб 3 инсонни ўлдирганлар, 18 кишини яралаганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ