Осиё бойлари қолганларни ортда қолдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Дунёдаги энг бой-бадавлат одамларга тегишли бойлик билан боғлиқ вазият таҳлил қилинган янги ҳисобот эълон этилди.

Capgemini молия ширкатининг World Wealth Report ҳисоботига кўра, Осиё минтақасидаги мамлакатларда истиқомат қиладиган миллионерларнинг тасарруфидаги мол-мулк илк бор Америкадаги миллионерларникидан кўпайган.

Охирги йилда Осиёдаги миллионерларнинг жами бойлиги 10 фоиз кўпайиб 17,4 триллион долларга етган деб кўрилаяпти.

Шимолий Америкадаги бой одамларники эса 16,6 триллион доллар экани айтилган.

Хитой иқтисодий ўсиши сустлашгани ва Япония иқтисоди кучсизлигича қолаётганига қарамасдан, бойлиги 1 миллион доллардан кўп одамларнинг сони ортган.

Бир йилда миллионерларнинг сони 4 миллион 690 минг кишидан 5 миллион 130 минг кишига етган.

"Агар ушбу суръат сақланиб қоладиган бўлса, кейинги ўн йилликда Осиё-Тинч уммони минтақаси устун кучга айланади", дейилади ҳисоботда.

Айтилишича, Осиёда миллионерлар сонининг кўпаяётгани молиявий хизматлар, замонавий технология ва тиббиёт каби соҳаларнинг шиддат билан тараққий этиб бораётгани билан боғлиқ.

Жаҳондаги ҳамма миллионерларнинг жами активи 60 триллион долларга етган.

Бу 30 йил олдингига қараганда 4 баравар кўп деганидир.

Ҳисобот муаллифлари башоратига кўра, 2025 йилга бориб дунё миллионерларининг жами бойлиги 100 триллион долларга етиши мумкин.

Америка фонд биржалари кўрсаткичларининг пастлиги боис ўтган йили Шимолий Америкадаги иқтисодий ўсиш 2,35 фоизни ташкил этган.

Шунга қарамасдан, энг кўп миллионерлар АҚШда истиқомат қилишади.

Америкалик миллионерларнинг сони 4,45 миллионга етган.

Ўтган йили Оврўподаги миллионерлар сони 4,8 фоиз кўпайган.

Ишсизлик даражаси юқори эканига қарамасдан, бойларнинг сони Испанияда ортган.

Оврўпода энг кўп бадавлат инсон ҳамон Буюк Британияда яшамоқдалар.

Сўнгги 1 йил давомида уларнинг сони 1 фоиз кўпайиб 553000 кишини ташкил этган.

Лотин Америкасидаги миллионерларнинг сони 3,7 фоиз камайгани айтилган Capgeminiнинг янги ҳисботида.

Шу йил бошида Британиядаги Oxfam ташкилоти дунёнинг энг бадавлат одамлари бойлиги ҳақидаги ҳисоботниэълон қилган, унда бой одамлар янада бойиб қолганлар камбағаллашиб кетаётганини қайд этган.

Oxfam хайрия ташкилотига кўра, дунёнинг энг бой одамлари Ер юзидаги жами аҳолининг 1 фоизини ташкил қилади, улар қарийб 73 миллион киши деб кўрилади.

1 фоиз аҳоли қўлидаги бойлик Ер юзидаги қолган барча аҳоли бойлигига тенг деб топган хайрия ташкилоти.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ