Истанбул аэропортига ҳужумда камида 36 инсон ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги маълумотларга кўра, Истанбулнинг Отатурк номидаги халқаро аэропортида рўй берган отишма ва портлашлар оқибатида 36 инсон ҳалок бўлган, 140дан зиёд одам жароҳатланган.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳужумларни ташкиллаштирган гуруҳларни қоралаб чиқди.

Ҳужумлар учун маъсулиятни шу вақтга қадар бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Бироқ Туркия расмийлари ўтмишда содир бўлган қатор ҳужумларда ИШИД жангарилари ёда курд бўлгинчиларини айблаб чиқишганди.

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим бу галги ҳужумни ИШИД жиҳодчилари ташкиллаштирган бўлишлари эҳтимолини изҳор этган.

Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар орасида чет эллик фуқаролар бўлишлари мумкин.

Шу вақтга қадар 56 ёшли украиналик аёлнинг ҳалок бўлгани маълум бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Интернет социал тармоқларида портлашлар оқибатида аэропорт биносига етказилган шикастлар фотосуратлари пайдо бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аввалроқ, Туркия Адлия вазири 10 инсон ҳалок бўлгани ҳақида эълон этганидан кўп ўтмай, Истанбул ҳокими Васип Шаҳин 28 инсон ҳаётдан кўз юмганини маълум қилган.

Ҳоким портлашларни уч худкуш ҳужумчи содир этган деб кўрилаётганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Гувоҳлар портлашлардан олдин отишма юз бергани ҳақида айтганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Отатурк аэропортининг автомобиллар турадиган жойидан Калашников автоматидан ўқ узилган.

Худкуш ҳужумчилар қуроллардан ўт очганларидан кейин ўзларини портлатгани хабар қилинмоқда.

Ҳужумлар аэропортнинг халқаро парвозлар залида рўй бергани ҳақида хабар қилмоқда Туркия оммавий ахборот воситалари.

Такси автомобиллари яраланганларни шифохоналарга олиб ўтганлар.

Отатурк аэропорти ёпилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг