Истанбул аэропортидаги ҳужумчилардан бири 'ўзбек'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳужучиларнинг кузатув камераларидаги тасвирлари эълон қилинган

Туркиядаги манбаъларнинг айтишича, сешанба куни Истанбул аэропортида 44 инсонни ўлдирган худкуш ҳужумчининг 'бири Ўзбекистон фуқароси, қолган икки нафари эса 'Россия ва Қирғизистон фуқаролари'дир.

Бу ҳақда Рейтер агентлиги номи тилга олинмаган ҳукумат мулозимига таяниб хабар тарқатган.

Унга кўра, суд-тиббиёт экспертлари ҳужумчиларнинг жасад қолдиқларидан уларнинг шахсини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда.

Мулозим тергов бораётгани важидан ҳужумчиларнинг исм-шарифларига доир маълумотни беролмаслигини айтган.

Туркия матбуоти россиялик ҳужумчининг Доғистондан бўлгани ва бир ой аввал Туркияга келганини ёзмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ҳужумда 43 инсон ҳалок бўлган, 239 одам яраланган

Қурбонлардан икки нафарининг Ўзбекистон фуқаролари экани билдирилган.

Қирғизистон махсус хизматлари ҳужумчининг миллати ҳақидаги хабарларни шарҳламаган.

Ўзбекистон расмийлари эса ҳодиса юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаётир.

Президент Каримов портлашлар муносабати билан Туркия Президентига ҳамдардлик билдирган.

Рейдлар

Айни пайтда Истанбул аэропортига ҳужум юзасидан 16 манзилга бир вақтнинг ўзида амалга оширилган рейдларда 13 киши ҳибсга олинган.

Уларнинг 3 нафари хориж фуқаролари экани айтилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи DHA
Image caption Истанбул бўйлаб рейдларда 13 киши ҳибсга олинган

Ички ишлар вазири Эфкан Ала ҳужум ортида Исломий давлат гуруҳи тургани эҳтимоли юқори эканини яна бир бор таъкидлаган.

Сешанба куни маҳаллий вақт билан соат 21.22 да юз берган ҳужумда уч нафар ҳужумчи аввалига Истанбул Отатурк аэропорти ташқарисида автоматлардан ўт очган.

Шундан сўнг аэропорт ичкарисига кириб, ўзини портлатган.

Учинчи ҳужумчи танасидаги портловчи моддаларни аэропорт киришида портлатган.

Портлашларда 244 одам яраланган.

Оврўпонинг учинчи энг йирик аэропортига уюштирилган ҳужум жорий йилда Туркияда юз берган энг йирик ҳужум бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.