Борис Жонсон Бош вазир бўлмоқчи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Борис Жонсон Британиянинг ОИдан чиқиш кампанияси етакчиларидан бўлди.

Лондоннинг собиқ ҳокими Борис Жонсон ўз номзодини Консерватив партия раҳбарлиги ва мамлакат бош вазирлиги лавозимига қўймаслигини билдирди.

Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқишини қувватлаган кампания етакчиларидан бири Борис Жонсоннинг мурожаати ҳамма учун кутилмаган бўлган.

Ҳозирги Бош вазир Дэвид Камерон ўз истеъфосини эълон қилиши манзарасида букмекерлар Жонсонни бу лавозимга талабгорларнинг энг таниқлиси деб ҳисоблаётган эдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Адлия вазири Майкл Говга кўра, Жонсонда Британия олдида турган вазифаларни ечиш учун етарли раҳбарлик салоҳияти йўқ.

Пайшанба куни Британия Адлия вазири Майкл Гов бош вазирликка ўз номзодини қўйишини эълон қилди. Унинг мурожаати эса кўпчилик учун кутилмаган бўлиб, шу пайтгача Говни Жонсон бош вазир бўлишини қувватловчилар қаторида кўришаётганди.

Жаноб Говга кўра, Жонсонда Британия олдида турган вазифаларни ечиш учун раҳбарлик сифатлари етарли эмас.

Бундан ташқари Ички Ишлар вазири Тереза Мэй ҳам Бош вазирликка номзодини илгари суришини маълум қилди. Жонсон ва Говдан фарқли тарзда Тереза хоним Британиянинг Оврўпо Иттифоқида қолиши тарафдори ҳисобланган.

Бир ҳафта олдин Британияда мамлакатнинг ОИга аъзолиги бўйича референдум бўлиб ўтди. Референдум натижаларига биноан, иттифоқдан чиқиш тарафдорлари ғалаба қозонишди.

Оврўпо раҳбарлари Британияни имкони борича тезроқ ОИдан чиқиш жараёнини бошлашга чақирмоқдалар. "Брехит" натижаларига кўра, Британия ОИ мамлакатлари билан савдо келишувларида бир қанча имтиёзлардан маҳрум бўлиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Референдум натижаларидан сўнг Камерон истеъфо беришини эълон қилди.

Британиянинг Оврўпо Иттифоқида қолиши учун овоз беришга чақирган Бош вазир Дэвид Камерон референдумнинг эртаси куни октябр ойида истеъфога чиқиш ва Консерватив партия раҳбарлигидан кетишга ваъда берди.

Оврўпо Иттифоқидан чиқишга чақириб келган Борис Жонсон Камерон мурожаатидан сўнг бўшайдиган бош вазирлик курсиси учун дарҳол энг ишончли номзодга айланди.

Букмекерлар Тереза Мэйга иккинчи ўринни беришаётган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ