Россия Туркияга нисбатан сайёҳлик санкцияларини бекор қилди

Россия Президенти Владимир Путин Туркияга нисбатан сайёҳликка алоқадор жазо чораларини бекор қилиш бўйича фармонни имзолаган. Чекловлар 2016 йил 1 январда киритилган эди.

Россия Президенти Владимир Путин Россия Федерацияси ва фуқароларини миллий хавфсизлигини жиноий ва бошқа ноқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилиш ҳамда Туркия Республикасига нисбатан махсус иқтисодий чоралар қўллаш ҳақидаги 2015 йил 28 ноябрдаги фармонга ўзгартириш киритиш бўйича қарорни имзолади, дейилади Кремль сайтида.

Ўзгартиришлар хусусан фармоннинг 4 бандига таалуқли бўлиб, Россия фуқароларининг Туркияга сайёҳлик ташрифларини амалга оширишга чекловлар олиб ташланади.

Хабарда айтилишича, фармон эълон қилинган вақтдан бошлаб кучга кирган ҳисобланади.

Шу тариқа Россия Туркия билан туризм соҳасида ҳамкорликни тиклаб, бу мамлакатга саёҳат қилиш учун чипталарни сотиш йўлга қўйилади.

Бу йил ёзда Туркия туризм саноати салмоқли молиявий йўқотишларга дуч келди.

Жазо чоралари Россиянинг Су24 ҳарбий учоғи Сурия билан чегарада Туркиянинг қирувчи учоғи томонидан уриб туширилгандан сўнг киритилган эди.

29 июн куни Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон телефон орқали сўзлашганлар. Бу Россия ҳарбий учоғи уриб туширилиши ва икки мамлакат муносабатлари ёмонлашишидан буён раҳбарларнинг илк яккама-якка мулоқоти бўлган.

Бундан олдин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Президент Путин Президент Эрдўғон билан телефон мулоқотида Истанбулнинг Отатурк халқаро аэропортига қилинган ва 40 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлган ҳужумни қоралагани ҳақида хабар қилган эди.

Сўзлашув пайти Президент Путин, Россия ҳукумати Туркия ҳукумати билан савдо-иқтисодий алоқаларини қайта тиклаш мақсадида музокараларини бошлайди, деб ваъда берган.

Россия ўз сайёҳлари томонидан Туркияга сафар қилиши йўлида киритилган чекловларни олиб ташлашни режалаштираётгани ҳам хабар қилинган.

"Туркия ҳукуматининг Туркия ҳудудида Россия фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш йўлида қўшимча қадамларни қўйиши" мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланган Кремль эълон қилган баёнотда.

Россия ва Туркия муносабатлари 2015 йил ноябрида ёмонлашди.

Бунга Туркиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаво ҳужумларида қатнашаётган РоссиянингСу-24 ҳарбий учоғини уриб туширгани сабаб бўлди.

Туркия тарафига кўра, Россия учоғи Туркиянинг ҳаво ҳудудини бузиб кирган ва Россия учувчиси огоҳлантиришларга ҳеч қандай эавоб бермаган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса ўзининг қирувчи учоғи Сурия ҳудудидан четга чиқмаганини айтган.

Ушбу ҳодисани Президент Путин "орқага урилган пичоқ" деб таърифлади.

Туркия мева-сабзавотининг Россияга олиб киритилишига тақиқ киритилди.

Шунингдек, Россия сайёҳларининг Туркия соҳилларида дам олишлари ҳам тақиқланди.

Россиядаги қурилишларда банд бўлган Туркия қурилиш ширкатларининг фаолияти ҳам чекланди.

Россия Президент Эрдўғоннинг уриб туширилган учоқ учун расман кечирим сўрашини талаб қилди.

27 июн куни Президент Эрдўғоннинг Президент Путинга мактуб йўллагани маълум бўлди.

Бу мактубда Туркия президентининг россиялик учувчи ўлимидан афсусда экани ёзилгани хабар қилинди.

Президент Путин матбуот котиби Дмитрий Песков сўзларига кўра, Президент Эрдўғон россиялик учувчи ўлими учун Президент Путиндан кечирим сўраган.

Россия тарафи учувчи ўлимида айбланаётган Туркия фуқаросига нисбатан тергов "объектив" олиб борилишига умид билдирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар