"Туркия Россия билан ИШИДга қарши ҳамкорлик қилади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия Ташқи Ишлар вазири Мавлут Човушўғли ИШИД гуруҳига қарши амалиётларда Россия Инжирлидаги ҳарбий базадан фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарни рад қилган.

Олдинроқ оммавий ахборот воситалари Туркия ҳукумати Инжирлидаги ҳаво базасидан ИШИДга қарши курашда Россиянинг фойдаланишига рухсат бериши мумкин, бу ҳақда Туркия Ташқи Ишлар вазири Мавлут Човушўғли TRT Haber телеканалига берган интервьюсида айтди, деб ёзганди.

Жаноб Човушўғлига кўра, Туркия матбуоти унинг сўзларини нотўғри тушунган ва бу хато Россия матбуотида ҳам берилган.

"Мен ҳамкорлик ҳақида гапирдим. Туркия базасида Россия учоқлари ҳақида эмас", дея келтиради Рейтер агентлиги унинг сўзларини.

Туркия ва Россия оммавий ахборот воситалари Човушўғли "Биз "Исломий давлат" террористик гуруҳига қарши турган барча билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Инжирлидаги авиабазамизни шунинг учун очганмиз. ИШИД экстремистик гуруҳи ҳаммамизнинг душманимиз экан, нега биз Россия билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин эмас? Бу борада Сергей Лавров билан фикрларимизни ўртоқлашдик"- дегани ҳақида хабар тарқатганди.

Россия Думаси Туркия ҳукуматининг бу мурожаатини олқишлагани айтилди.

"Бу албатта ҳамкорлик томон қадам. Бу база халқаро терроризмга қарши курашимизда фойдаланишимиз мумкин, бироқ қарорни албатта Россия ҳарбий қўмондонлиги беради", деган Думанинг мудофаа бўйича қўмита аъзоси Андрей Красов.

1 июлда Сочида Россия ва Туркия Ташқи Ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлут Човушўғли икки томон алоқалари изга тушаётганидан бери илк бор учрашганлар. Музокаралар якунида жаноб Лавров терроризмга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти бошланиши ҳақида маълум қилди.

Россия-Туркия муносабатлари июн ойи бошида Президент Эрдўғоннинг Президент Путинга ёзган мактубидан сўнг муттасил буён яхшиланиб бораётгани кузатилмоқда. Кремлнинг урғулашича, Туркия Президенти 2015 йил ноябр ойида Анқара томонидан Россиянинг уриб туширилган учоғи ва учувчи Олег Пешковнинг ўлими учун кечирим сўраган.

Ўтган ҳафтада Эрдўғон ҳам икки томонлама муносабатлар имкон борича тезроқ яхшиланишига умид билдирди. Айни пайтда Туркия томони Россия олдида кечирим сўрамагани, балки юз берган воқеадан афсусдалигини ва ҳалок бўлган учувчи оиласига ҳамдардлик изҳор этганини таъкидлаб ўтди.

29 июнда президентлар телефон орқали гаплашиб, юзма-юз учрашишни келишиб олганлари айтилди.

Туркия 2014 йил АҚШга "Исломий Давлат" жангариларига қарши ҳарбий амалиётларда ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат берганди. Уларнинг орасида Инжирли ҳарбий базаси ҳам бор.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқчи кучлар Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудларини босиб олган "Исломий Давлат"га қарши ҳаво ҳужумларини икки йилдан бери давом эттириб келмоқда.

Туркия ҳам Сурия ва ҳам Ироқ билан чегарадош. Туркия ўз қуролли кучларини чегарага яқин ерга сафарбар қилган. Бироқ ўз ҳудудидаги курдларга чегара ошиб, жангларда қатнашишларига рухсат бермаган ва ўз пиёда қўшинларини ҳам у ерга киритишни хоҳламайди.

Туркия ҳукумати курд озчилигига қарши кўп йиллардан бери курашиб келади ва шунинг учун "Исломий Давлат"га қарши ҳарбий амалиётлар мобайнида курд жангчиларини қуроллашдан хавотир олиб келади.

Охирги ойларда Туркияда бир қатор террористик амаллар содир этилган, юздан ортиқ инсонлар ҳалок бўлган.

Туркия бу ҳужумларда ИШИД жангарилари ва курд исёнчиларини айблаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар