Мадинаи Мунавварада худкушлик портлаши

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мусулмонлар учун иккинчи муқаддас шаҳар бўлмиш Мадинаи Мунавварада худкуш ҳужумчи ўзини портлатган.

Портлаш Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) дафн этилган масжид - ал-Масжид ал-Набавий яқинида рўй берган.

Араб тилидаги оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, худкуш ҳужумчи рўзадан кейин "оғиз очиш"га ўтирган хавфсизлик хизмати ходимларини нишонга олган.

Тўрт зобит ҳалок бўлгани, беш нафари жароҳатлангани ҳақида хабар берган Ички ишлар вазирлиги.

Саудия Арабистонининг ахборот агентликлари ва айрим рўзномалар худкушлик портлаши ҳақида хабар берган.

Интернет социал тармоқларида видео кадрлар тарқалган.

Кадрларда автомобилларни қўйиш жойида аланга ичида қолган бир машинани, унинг ёнида ерда икки хавфсизлик зобити ётганини кўриш мумкин.

Бошқа бир кадрларда ҳодиса жойига шошилиб кетаётган "тез ёрдам" ва полиция автомобиллари акс этган.

Айрим хабарларда айтилишича, ифторликка ўтирган зобитларнинг олдига ёши 18 ларда деб кўрилган ўспирин яқинлашган ва зобитларга егулик таклиф этган, сўнг ёнидаги портловчи моддани портлатган.

Associated Press ахборот агентлиги Жанубий Африка республикасидан зиёратга борган 36 ёшли Қори Зиёд Пател гувоҳлигини келтирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Ал-Масжид ал-Набавий жойлашган Мадина дунё мусулмонлари учун иккинчи муқаддас шаҳар ҳисобланади.

Қори Зиёд Пател портлаш пайти масжид ичкарисида бўлган ва кучли гумбурлаган овозни "оғиз очиш" вақти бўлганини англатадиган замбарак отилиши бўлса керак, деб ўйлаганини айтган.

"Бироқ силкиниш жуда кучли эди. Худди бино портлаганга ўхшади", деб айтган Жанубий африкалик зиёратчи.

Портлашнинг Мадинаи-Мунавварада муқаддас ой Рамазон охирига яқинлашган, Ийд ал-Фитр ёки Рамазон Ҳайити арафасида рўй бергани дунё мусулмонларини ларзага солган.

Шу куни Саудиянинг Қатиф шаҳрида ҳам камида бир портлаш рўй бергани ҳақида хабарлар тарқалган.

Қатифда аксар шиалар истиқомат қиладилар, афтидан шиа масжиди нишонга олингани айтилмоқда.

Шунингдек, Жидда шаҳридаги АҚШ консуллиги биноси олдида бир худкуш ҳужумчи ўзини портлатгани оқибатида ҳалок бўлган.

Консуллик биносининг икки қўриқчиси енгил яралангани хабар қилинган.

Ҳужумлар учун масъулликни ҳозирча ҳеч ким бўйнига олмаган.

Лекин мухбирлар сўнгги икки йил мобайнида ИШИД Саудия Арабистонини нишонга олгани ҳодисалари рўй берганига эътибор қаратадилар.

Июн ойида Саудия Ички ишлар вазирлиги подшолик ҳудудида 26 "террор хуружи" содир этилгани ҳақида хабар тарқатган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ