НАСА аппарати Юпитер орбитасига чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи NASA

"Юно"-Juno аппарати парвоз қилганидан беш йил ўтиб, Юпитер (Муштарий) орбитасига чиққан.

Аппарат 35 дақиқалик манёврни муваффақиятли адо этган, тезликни камайтирган вақтда Юпитернинг граватацион майдони таъсирида бўлган.

Вазифаси Юпитер (Муштарий)ни тадқиқ этиш бўлган "Юно" фазовий йўлдоши бу сайёранинг орбитасига чиқди, деб хабар беради НАСА фазо агентлиги.

Бу манёвр вақтида марказ жамоаси аппарат билан фақат оддий сигналлар орқали алоқа алмаша олган, боиси бу пайтда асосий антенна зонди Ерга йўналмаган. Ҳаракат давомида зонд автопилотда парвоз қилган ва бунда Ердаги операторларнинг аралашувига деярли ҳожат қолмаган.

Режага биноан, сайёралар аро автоматик станциянинг миссияси ярим йил давом этади, ундан сўнг аппарат Юпитер атмосферасида ёниб, ўз-ўзини яксон қилади.

"Юно" зонди "Галилео" аппаратидан сўнг Юпитер саҳнига чиққан иккинчи фазовий йўлдош бўлиб, "Галилео" Юпитерда 1995 йилдан 2003 йилгача тадқиқот ўтказган.

Баҳоси 1 миллиардлик фазовий воситанинг Юпитерга етиб бориши учун беш йил керак бўлди. У 2011 йил учирилган бўлиб, ўшандан буён 3 миллиард километр масофани босиб ўтди.

Лойиҳа муваффақиятли якунланса, олимлар илк бор булутлар остида Юпитерни кўра оладилар ва бу сайёра, ҳамда бутун Қуёш системаси бўйича кўпроқ маълумотларни қўлга киритадилар. Хусусан, олимлар Юпитерда қаттиқ ядро мавжудлиги гипотезасини текширишга умид қилмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Юно" аппаратининг омадли ҳаракати Калифорния штатидаги НАСА нинг парвозни бошқариш марказида ҳаяжон билан кутиб олинди.

Шу пайтгача бирорта ҳам зонд Юпитернинг радиацион ёғдуси фазовий аппарат бортидаги электроникани тўлиқ яксон қилиб ташлаши мумкинлиги сабабли, сайёрага бу қадар яқин бормаган эди.

Бироқ "Юно" танк каби титандан ҳимоя экранларга эга қилиб қурилган.

Айни пайтда "Юно" Юпитер атрофидаги эллиптик орбитада турибди. Сайёрани тўлиқ айланиб чиқиш учун унга қарийб 53 ер кунлари керак бўлади.

Октябр ойи ўрталарида "Юно"да тузатишлар қилиниб, икки ер ҳафтаси мобайнида Юпитердан учиб ўтишга мослаштирилган.

Шундан сўнг у Ерга илмий маълумотлар юбора бошлайди.

Юпитернинг ўртача диаметри Ерникидан 11 марта катта бўлиб, оғирлиги сайёрамиздан 317 баробар йирик ҳисобланади.

Юпитернинг Қуёшни айланиб чиқиши 12 йил, бир юпитер куни 10 соатга тенг.

Юпитер таркиби жиҳатидан юлдузга ўхшайди, унинг атмосфераси асосан водород ва гелийдан таркиб топган.

Юқори босим остида водород метал шаклига ўтади ва электрўтказгичга айланади.

Аксарият кўринадиган булутлар аммиак қатлами ва гидросульфид аммониядан иборат.

Юпитер (Муштарий)нинг чизиқлари ғарб-шарқ йўналишидаги кучли шамоллар таъсирида пайдо бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ