НАТО батальонлари Россия чегараларига жойлаштирилиши кутилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Варшавада баъзи сиёсатчилар томонидан тарихий дея таърифланаётган НАТО саммити очилмоқда. Унда Россияни жиловлаш мақсадида Болтиқбўйи ва Польшага ҳарбий қисмларни илк бор жойлаштириш бўйича қарор қабул қилинади.

"Биз коллектив мудофаа ва хавфсизлигимизни янада замонавийлаштириш йўлида янги муҳим қадамларни қўямиз. Бу қадамлар сирасига Польша, шунингдек, Эстония, Латвия ва Литвада ҳарбий ҳозир бўлиш ишлари киради", - деди саммит арафасида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

"Бу ҳозирлик кўп-миллатли бўлади ва альянснинг бир аъзосига ҳужум унинг барча аъзоларига ҳужум эканига яққол ишора бўлади", - дея қўшимча қилди Столтенберг.

Келгуси йилдан бошлаб Россия билан чегарадош тўртта мамлакатга биттадан батальон ротация асосияда жойлаштирилади. Яъни иттифоқчи кучлар ҳозирлиги доимий бўлади, аммо унинг таркиби вақти-вақти билан ўзгариб туради.

Тўртта шарқий НАТО давлатига ўз аскарларини юборишга АҚШ, Британия, Германия ва Канада аллақачон рози бўлишган.

Батальонларнинг жойлашуви ва аскарлар сони саммит аъзолари қарорни тасдиқлаганларидан кейин эълон қилиниши кутилади.

Тахмин қилинишича, аскарларнинг сони 4 минг атрофида бўлади; британлар Эстонияда, америкаликлар Польшада, канадаликлар Латвияда, немислар эса Литвада жойлашадилар.

Эстонияда иттифоқчилар батальонини мамлакат шимолида аллақачон эстон армиясининг ҳарбий шаҳарчаси мавжуд бўлган Тапа шаҳрида жойлаштириш режаланган.

Россиянинг тажовузкорона амаллари

Польша, Чехия ва Венгрия НАТОга 1999 йилда қўшилганлар, Болтиқбўйи давлатлари эса 2004 йилда. Аммо, иттифоқчи кучлар уларнинг ҳудудларида Украина жануби-шарқидаги можаро ва Қримнинг Россия томонидан қўшиб олиниши ортидан жойлаштирилмоқда.

Шу вақтгача НАТО аъзолари шарқий оврўполикларнинг Россия таҳдиди борасидаги огоҳлантиришларига ишонқирамай қараб келганлар.

Тўртта батальоннинг жойлаштирилиши рамзий қадамдир. Авваллари Болтиқбўйи давлатлари ва Польша агар Россия тажовуз қилса, улар яккаланиб қолишларидан қўрққанлар. НАТОнинг эски аъзолари эса бундай ҳолатда можарога аралашиш ё аралашмаслик ҳақида узоқ ўйланиб қолишлари эҳтимолидан чўчиган.

Энди эса Россия тажовуз қилган тақдирда НАТОнинг ғарбий аъзолари аскарлари ҳам хавф остида қоладилар. Аммо, НАТОга кўра, батальонлар жойлашувининг асосий мақсади аксинча бу каби можаролар хавфини бартараф қилиш ва Россияга НАТО ўзининг барча аъзоларини ҳимоя қилишга бел боғлаганини намойиш қилишдир.

Россия расмийлари НАТОнинг бу каби қадамларига жавобан чора кўришга "мажбур" бўлишларини бир неча бор таъкидлашган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу аввалроқ НАТОнинг Россия чегараларида кучларини кўпайтиришига қарши йил охиригача ҳар бири 10 минг аскарлик икки янги дивизия тузилишини билдирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар