Хитой уйғурча исмларни 'тозаламоқчи'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Уйғурлар Хитойнинг миллий ва диний ўзликларига қарши ҳаракатларидан ташвишдалар

Хитойнинг уйғурлар яшайдиган Шинжон минтақасидаги расмийлар шу йил охиригача турли этник гуруҳлар вакилларининг исмларини "номутаносибликлардан тозалаш" режаларини эълон қилишган.

Расмий матбуотнинг хабар беришича, Шинжон мухтор бўлгаси ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Цзу Цзанзе журналистларга ҳукумат миллий озчиликларнинг исм-шарифларини стандартлаштиришга қаратилган тизимни ишлаб чиқиш устида иш олиб бораётганини айтган.

Уйғур, қозоқ ва тибет озчилиги кўпинча ўз исм-шарифларининг расмий ҳужжатларда қайд этилишида муаммоларга дуч келишади.

Расмий ҳужжатлар мандарин тилидаги қисқа ифодаларга мосланган бўлиб, кўпинча хитойчадаги учта белги ёки ўн лотин ҳарфларидан иборат бўлади.

Янги тартибдан кўзланган мақсад шахсни тасдиқловчи кимлик кардлари, ижтимоий муҳофаза варақалари, тиббий суғурта ё-да шаҳодатнома ва дипломлардаги номутаносибликларга барҳам беришдир.

Аммо бу миллий озчиликлар томонидан уларнинг ўзликларига қарши қаратилган қадам сифатида кўрилиши мумкин.

'Миллий бирдамлик'

Нуфузли The Paper янгиликлар нашрининг ёзишича, миллий озчиликларнинг исмларини стандартлаштириш Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цинпиннинг 2015 йил декабридаги "муҳим нутқи" ни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Хитой раҳбари ўз нуқтида миллий бирдамликнинг муҳимлигини урғулаганди.

Ҳукуматнинг минбари бўлган People's Dailyнинг ёзишича, Шинжон минтақасида 27 та янги ташаббус жорий қилинмоқда.

Нашрга кўра, бу ташаббуслар йиллар давомида миллий озчиликлар ҳаётида тўпланиб қолган муаммоларни ечишга қаратилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шинжон ҳукумати расмий ҳужжатлардаги уйғурча исмларни ўзгартиришни бошлаган

Шинжоннинг ярмидан кўп аҳолисини уйғурлар ва қозоқлар ташкил этади, қолган 40 фоиза эса Хан хитойларидир.

2011 йилда Хитой Марказий Банки этник озчиликларга мансуб мижозларнинг исм-шарифларини бир-биридан ажратиш учун интерпункт (лотин ёзувида сўзларни ажратиш учун ишлатиладиган нуқта-таҳр) белгисини жорий қилган эди.

Хитойдаги кўпчиликнинг исми учта белгидан ортиқ бўлмагани учун ўртада нуқта керакмас.

Шу йил февралида China Daily нашри Шинжон аҳоли билан ишлаш бюроси бошлиғининг Хитой бўйлаб электрон ёки интернет тижорат соҳасида ишлаётганларнинг аксарияти этник номлар ва кимлик ҳужжатларида ишлатилаётган нуқталардан бехабар эканликлари ҳақидаги сўзларини келтирган.

"Баъзи интернет платформалари нуқтани танимайди, бу эса интернет хизматларидан фойдаланиш чоғида мижозларнинг шахсини тасдиқлаш жараёнида муаммоларни туғдирмоқда", деб айтган мулозим.

'Тузатилган исмлар'

Аммо Шинжон ҳукумати интернет тижорат тизимидаги механизмларнинг ишга тушишини кутиб ўтирмай, ҳозирнинг ўзида расмий ҳужжатлардаги этник исмларни ўзгартиришни бошлаб юборган.

АҚШ Конгресси томонидан молияланадиган Озод Осиё Радиосига кўра, "расмийлар ҳозиргача ижтимоий муҳфоаза варақаларидаги 20 миллион исмларни "тузатганлар".

Аммо жараён кенгроқ миқёс касб этаркан, хусусан, уйғурлар орасида норозиликларни келтириб чиқариш эҳтимоли катта.

Уйғурлар марказий ҳукумат жорий этаётган қаттиқ тартиблар натижасида уларнинг миллий маданиятларига путур етаётганини айтишади.

Гонг-Конгда чоп этиладиган Oriental Daily рўзномаси 25 июн сонида АҚШдаги инсон ҳақлари фаолининг "ушбу қадамлардан мақсад миллий озчиликлар устидан назоратни кучайтиришдир" деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Ундан бир ҳафта аввал четга чиқмоқчи бўлган уйғурлардан саёҳат ҳужжатларини олишлари учун ДНК намуналарини топшириш сўралаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам ана шундай хавотирларга сабаб бўлган эди.

Аммо ўз тилининг келажагидан хавотир олаётганлар фақат уйғурлар эмас.

Охирги олти ойда стандартлаштирилган мандарин тилини ёйишга қаратилган тадбирлар қатор ҳудудлар, жумладан, Гонг-Конгда қаршиликларга учраган.

Гонг-конгликлар анъанавий хитойчани ишлатишса, хитойликларнинг асосий қисми соддалаштирилган мандарин матнларидан фойдаланади.

Феврал ойида машҳур TVB канали мандарин тилидаги янгиликлар дастурида соддалаштирилган хитойчадаги субтитрларни ишлатиши ортидан 10 мингдан ортиқ томошабинлар расмий шикоят йўллашган.

Май ойида эса Япониянинг Nintendo компютер ўйинларини ишлаб чиқарувчи ширкати ўзининг янги Pokemon ўйинида анъанавий хитойча ўрнига соддалаштирилган хитойчадан фойдалангани петиция ва Япония элчихонаси ташқарисидаги намойишларга сабаб бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.