Кашмирдаги тўқнашувларда ўнлаб инсон ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ҳиндистоннинг Жамми ва Кашмир вилоятларида тўртинчи кундирки давом этган тўқнашувларда камида 30 инсон ҳалок бўлган, 300 дан ортиғи яраланган.

Кашмирда оммавий тартибсизликлар жума куни мамлакатда тақиқланган "Ҳизб-ул-Мужоҳиддин" гуруҳи фаоли 21 ёшли Бурхон Музаффар Ваний полиция томонидан ўлдирилганидан сўнг бошланиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бурхон Ваний Кашмирда полицияга қарши турган маҳаллий ёшлардан бўлиб, интернетда ҳам фаол ҳисобланган.

Ўтмишда жангари бўлган бошқа кишилардан фарқ қилиб, у ўз шахсини яширмай, инсон ҳақлари бузилиши, адолатсизлик ҳақида очиқ, қўрқмасдан айтган. Унинг видеолавҳаларида ҳам адолатсизлик мавзуси кўтарилган. Ёшларни ўз ҳуқуқлари учун курашга чорлаган.

Ҳиндистон расмийларига кўра, Бурхон Музаффар маҳаллий ёшлар қўлларига қурол олишларида муҳим рол ўйнаган.

Бурхон Ваний Кашмирдаги саводхон оилада ўсиб улғайган. 15 ёшлигида акаси билан ўзи полиция томонидан "ҳеч бир сабабсиз" калтаклангани орқасидан таҳдидга қарши жисмонан қарши туришга аҳд қилгани айтилади.

Бурхон Ваний ўлимидан сўнг минглаб одамлар кўчага чиққанлар.

Хабарларда айтилишича, Кашмирда полиция машинаси ғазабнок оломон томонидан дарёга ташлаб юборилган.

Бироқ баъзи гувоҳларнинг айтишича, машинани ҳеч ким сувга итармаган, балки ҳайдовчи ғазабланган оломоннинг тошларидан қочиб, ўзи рулни бошқара олмай қолган ва сувга тушиб кетган.

Мамлакатнинг жанубий Жамми ва Кашмир штатлари, қисман Шринагар ҳудудида комендантлик соати амал қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Тартибсизликлар минтақадаги охирги йиллардаги энг ҳалокатли тўқнашув бўлган.

2010 йил ёзида Кашмирда аксилҳиндистон намойишларида полиция ўсмир болани отиб ўлдиргач, зўравонликлар олов олган, ўшанда 100 дан ортиқ инсон ўлдирилганди.

Кашмир қарийб 60 йил ичида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида рўй берган икки урушни бошидан кечирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қиладиган Кашмирда аҳоли мустақиллик ёки Покистон билан бирлашиш учун курашиб келади. Бу икки штат илгари Покистон таркибида саналган. Ҳиндистон ҳукумати исёнчиларга бўлгинчилар сифатида қарайди.

Қарама-қаршиликларга қарамай, Кашмирда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида расман чегара бўлмай, икки давлат армияси ўз ҳудудини қўриқлаб туради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.