Туркия президенти Эрдўғон Россияга сафар қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Яқин ўтмишдан (Архив)

Туркия Бош вазирининг ўринбосари Меҳмет Шимшекка кўра, президент Ражаб Тойиб Эрдўғон келаси ой Россияга сафар қилиб, президент Владимир Путин билан учрашади.

Ўтган йил Туркия Россиянинг ҳарбий учоғини уриб туширганидан кейин икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашганди.

Июн ойи охирида Анқара Москвага бу воқеа юзасидан афсусда эканини билдириб, узрҳоҳлик мактуби йўллаганидан сўнг, ўзаро муносабатларда "музлар эриши" жараёни кузатилмоқда.

Муносабатлардаги юмшашнинг илк белгилари Россия мулозимлари Туркияга ўз сайёҳларининг сафарига ўрнатилган чекловларни бекор қилишида кўринди.

Икки давлат ўртасида аксилтеррор ҳамкорлик ва ҳарбий мулоқотлар яна йўлга қўйилди.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Туркияга нисбатан жазо чоралари босқичма-босқич бекор қилиниши ҳақида айтган эди.

Туркия Бош вазири ўринбосарининг Анадолу хабар агентлигига айтишича, Эрдўғон Путин билан Санкт-Петербургда 9 август куни учрашиши режаланган.

Июн ойи охирларида Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон телефон орқали сўзлашишганди.

Хабарларга кўра, ўшанда икки президент юзма-юз учрашишга келишиб олганлар.

Бундан олдин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Президент Путин Президент Эрдўғон билан телефон мулоқотида Истанбулнинг Отатурк халқаро аэропортига қилинган ва 40 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлган ҳужумни қоралагани ҳақида хабар қилган эди.

Туркия-Россия муносабатларининг яқин тарихи

Россия ва Туркия муносабатлари 2015 йил ноябрида ёмонлашди.

Бунга Туркиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаво ҳужумларида қатнашаётган Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғиниуриб туширгани сабаб бўлди.

Туркия тарафига кўра, Россия учоғи Туркиянинг ҳаво ҳудудини бузиб кирган ва Россия учувчиси огоҳлантиришларга ҳеч қандай жавоб бермаган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса ўзининг қирувчи учоғи Сурия ҳудудидан четга чиқмаганини айтган.

Ушбу ҳодисани Президент Путин "орқага урилган пичоқ" деб таърифлади.

Туркия мева-сабзавотининг Россияга олиб киритилишига тақиқ киритилди.

Шунингдек, Россия сайёҳларининг Туркия соҳилларида дам олишлари ҳам тақиқланди.

Россиядаги қурилишларда банд бўлган Туркия қурилиш ширкатларининг фаолияти ҳам чекланди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар