Россияда носвой нархи ошмоқда

Image caption Носвой

Минглаб, юз минглаб ўзбегу тожикнинг севимли тамаки маҳсулоти бўлмиш носвойнинг нархи юқорилаб бормоқда.

Сифатига қараб носвойнинг килоси 1000 рублгача пулланаётган экан.

Дастлаб Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг эҳтиёжларини қондириш мақсадида олиб келинган бу маҳсулот бугунга келиб рус ёшлари орасида ҳам машҳур бўлиб улгурган.

Россия Давлат Думаси депутатларининг носвойни асаб тизимига кучли таъсир кўрсатувчи гиёҳванд моддалар қаторига қўшиш борасидаги таклифлари матбуотда ва ижтимоий тармоқларда кўп баҳсу мунозараларга мавзу бўлгани маълум.

Айтилишича, кейинги йилларда носвойнинг Россия ҳудудига олиб кирилиши ва сотилиши билан боғлиқ чекловлар бу маҳсулот нархининг ошиб кетишига сабаб бўлган.

Ростов шаҳрининг "Нахичеван" бозорида носвойфурушлик қилаётган тожикистонлик йигит ўз "касби"нинг қийинчиликлари ҳақида сўзлайди:

"Ҳозир аввалгидай ҳамма носни сумкасига тиқиб олиб келолмайди, аэропортда олиб қўйишади. Бизга поездда проводниклар олиб келишади. Чегарадан олиб ўтиш муаммо, чегарачиларга чойпулисини бериб гаплашиш керак. Ўзи Тожикистондаям нос қимматлашган, баткенликлар (Қирғизистон) бир килосини 25 сомони, оптом олсангиз 20 сомонидан беришяпти. Бизга етиб келгунча фалон пулга тушяпти..."

Россияда носвой қонунан тақиқланади, аммо...

2013 йилнинг феврал ойидан кучга кирган қонунга мувофиқ Россияда носвойнинг улгуржи ва чакана савдоси таъқиқланади. Носвой савдоси билан шуғулланган киши жаримага тортилади. Суҳбатдошимизнинг гапларига қараганда бу муаммони ҳам "қуруғи"дан тўлаб ҳал қилса бўлади.

"Носни бозорда очиқчасига сотиш мумкин эмас, мошина юкхонасида яширинча сотамиз. Харидорлар ўзлари келиб сўрашади. Ўзимизникиларга ярим литрлик идишдагиси 400 рубл, ўрисларга 450. Сал шубҳали кўринганига нос йўқ, деймиз. Район мелисаларининг хабари бор, албатта. Уларга ойига 15000дан 20000гача узатиб турамиз" .

Россиянинг деярли барча минтақаларида носвойнинг тобора кенг тарқалаётгани,

мактаб ёшидаги болаларнинг носвой отишга ўрганаётгани маҳаллий ҳукумат раҳбарларини ҳам ташвишга солиб қўймоқда.

Жумладан, Ростов вилояти губернатори Василий Голубев шу йилнинг март ойида ҳуқуқ-тартибот органлари зиммасига маҳаллий бозорларда носвой ва спайс каби маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш вазифасини юклаган.

Ростов бозорларида носвойфурушлик қилаётганлар ўз маҳсулотларини вояга етмаганларга сотишмаётганини айтишади.

"18 ёшга кирмаганларга нос сотаётганимиз йўқ. Мактаб ўқувчиларига каттароқ ёшли

болалар олиб беришяпти. Биздан килосини арзонроқ харид қилиб, пакетчаларга солиб қимматроққа пуллашяпти".

Ҳуқуқ-тартибот органлари носвойнинг ёшлар орасида тарқалишига қарши курашда сустлик қилаётгани боис бу ташаббусни ота-оналар ўз зиммаларига олишаётгани ҳам айтилмоқда.

"Нос отишни ўрганган болаларнинг ота-оналари биздан қаттиқ норози. "Темерник"да нос сотаётган икки йигитни яқинда калтаклаб кетишган. Жанжал носдан чиққани учун ҳеч қаерга шикоят қилишмади. Носга талаб бўлгандан кейин, бу нарса сотилаверади. Ҳар қанча қиммат бўлганда ҳам барибир у сигаретдан арзонроқ тушади", дейди суҳбатдошимиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondon

• bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар