“Истасангиз ковушни бошга кийинг, аммо портлатманг...”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media
Image caption Қирғизистон президенти ўзига "ворис" танламайди

Президент Атамбаев қирғизистонликларга ҳеч ким қанақа кийиниш бўйича мажбуран ўз ҳукмини ўтказмаслигини урғулаган.

Анчайин қарама-қаршиликларга бой бўлган бу чиқишида Қирғизистон раҳбари "дин ниқоби остида террорчиликка даъват этгандан кўра, аёллар калта юбкаларда юргани маъқулроқ" эканини айтган.

Иссиқкўлдаги "Руҳ Ўрда" комплексида бўлиб ўтган пресс-конференцияда Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев, маҳаллий ҳамда ҳорижий журналистларнинг саволларига жавоб берган.

"Қирғизистонда 1950 йиллардан буён аёллар қисқа кийим билан юрибдилар, лекин улардан ҳеч бириси "шаҳидлик камарини" тақмаганлар ва ҳеч кимни портлатмаяптилар. Хоҳласангиз, оёқ кийимингизни бошингизга кийиб олинг, аммо одамларни... портлатманг. Бу дин эмас", дея таъкидлаган Атамбаев.

Яқинда Бишкекда қирғиз аёлларининг миллий кийимда ва юзлари ёпилган чодирда тушган суратлари акс этган баннерлар жойлаштирилган эди.

Унда: "Қайран элим, қайда баратабиз - Азиз ҳалқим, қаерга кетмоқдамиз", деб ёзилган.

Бу баннерларни Президент Атамбаев дастаклаган ва республиканинг бошқа вилоятларида ҳам жойлаштирилиши учун маблағ ажратилишини буюрганди.

Бунга норози бўлганлар баъзи ҳудудлардаги баннерларни йиртиб, уларга ўт ҳам қўйганлар.

Ўтган ҳафтада эса, қирғиз аёллари миллий либосда ва қирғиз қизларининг қисқа юбкада тушган суратлари худди ўша: "Қайран элим, қайда баратабиз - Азиз ҳалқим, қаерга кетмоқдамиз?" деган савол остида Бишкек кўчаларига илинган.

Паспортдаги "миллат" муаммоси

Президент Алмазбек Атамбаевнинг фикрича, паспортдан фуқаро миллати кўрсатилган қаторни олиб ташлаш тўғри бўлади.

"Унинг ўрнига "қирғиз фуқароси" деб ёзиш керак", - дейди давлат раҳбари.

Яқинда Давлат рўйхатга олиш хизмати паспортларнинг янги кўринишини ишлаб чиқиб, унинг лойиҳасини таклиф этган. Унга кўра, фуқаронинг миллати кўрсатилмайди. Бу ўз навбатида жамоатчиликда қизғин баҳсу-мунозараларга сабаб бўлган. Кимлардир бу миллатга хоинлик деб атаса, бошқалар эса фуқаровий ҳамжиҳатликни ташкил этувчи муҳим амал деб баҳолашган.

"Ворис" бўлмайди

Шунингдек, Президент Алмазбек Атамбаев ўзининг ўрнига "ворис" тайинламаслигини айтган.

Ҳокимиятдан кетиш арафасида ҳеч қайси бир номзодга қўллов кўрсатиб, унга ташвиқот ишларини юргизмаслигини ҳам қўшимча қилган давлат раҳбари.

"Қирғизистон катта қишлоққа ўхшайди. Халқ деярли бир-бирини танийди. Улар кимни танлашни ҳам яхши билишади", дейди Атамбаев.

Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ Президент Алмазбек Атамбаевнинг давлат раҳбарлик муддати 2017 йилнинг кузида якунланади ва у қайта сайланиш ҳуқуқига эга эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар