Президент Каримовнинг миясига қон қуйилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lola Karimova Tillyaeva
Image caption Лола Каримова ўз хабарига оилавий суратни илова қилган

Президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Фэйсбук ва Instagram даги саҳифаларида маълум қилишича, Президент Ислом Каримов ўтган ҳафта охирида мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Лола Каримова ўз баёнотида мана бундай деган:

"Турли хил гап-сўзларнинг олдини олиш мақсадида бизнинг оилада ўтган ҳафтанинг охирида содир бўлган қайғули воқеа ҳақида ушбу саҳифам орқали сизга маълумот бермоқчиман.

Шанба куни адамлар мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага олиб келиндилар. Ҳозир улар реанимация бўлимида тиббий муолажалар олмоқдалар. Ҳозирги пайтда ҳолатлари шифокорлар томонидан стабил деб баҳоланмоқда. Айни пайтда келгусидаги соғлиқлари борасида қандайдир тахминлар қилиш анча эрта.

Мен сизлардан турли хил гап-сўзлардан йироқ бўлиб, оиламизнинг шаҳсий ҳаётига хурмат билан муносабатда бўлишингизни илтимос қиламан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи LOLA KARIMOVA-TILLYAEVA

Ушбу дамларда отамни ўз дуолари билан қўллаб-қувватловчи барча инсонларга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни изҳор этаман". (Лола Каримова-Тиллаеванинг баёнотидаги орфография сақлаб қолинди-таҳр. )

Бу Президент Ислом Каримовнинг хасталиги билан боғлиқ илк тафсилотдир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати якшанба куни расмий хабар тарқатиб, 78 ёшли Ислом Каримовнинг "стационар даволанишда" эканини маълум қилган эди.

Вазирлар Маҳкамаси Ислом Каримовнинг қандай хасталик билан шифохонага ётқизилгани ҳақида маълумот бермаган.

Ўтган 24 соат мобайнида расмий манбаълар Президентнинг соғлиги билан боғлиқ қўшимча ахборот тарқатмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.