Лола Каримова-Тиллаева: 'Отам шифо топмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўзбекистон ҳукумати 78 ёшли Ислом Каримовнинг касаллиги тафсилотларини ошкор этмаяпти

31 август куни ўзининг Instagram даги саҳифасида ўзбекистонликларни мустақилликнинг 25 йиллиги билан табриклаган Президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева юртдошларининг эзгу ниятлари отасининг шифо топишида "ёрдам бермоқда деб ишониши"ни айтган, аммо давлат раҳбарининг аҳволига доир қўшимча маълумот бермаган.

"Азиз юртдошлар, сизни барчамиз учун қадрли айём - Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни билан чин кўнгилдан муборакбод этаман!

Мен бизнинг бағрикенг, меҳнаткаш ва ниҳоятда иқтидорли халқимизга бахт-саодат ва фаравонлик тилайман! Саховатли она заминимизда ҳамиша тинчлик ва ҳотиржамлик барқарор бўлсин. Она Ватанимизда асрлар оша мавжуд бўлган бағрикенглик, турли миллат ва динлар вакиллари орасидаги ўзаро хурмат ва эҳтиромга асосланган муносабатлар ҳамиша сақланиб қолишига тилакдошман.

Азизлар, ушбу фурсатдан фойдаланиб, мен барчангизга Президентимизнинг тез шифо топишларини истаб билдирган самимий тилаклар ва эзгу ниятларингиз учун чин қалбимдан ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Бу бизлар учун жуда аҳамиятлидир, ва ушбу ниҳоятда самимий ва дилдан чиққан тилаклар ва сўзлар отамнинг шифо топишларида ёрдам бермоқда деб ишонаман. Сизларга катта раҳмат, азизлар!" деб ёзган Лола Каримова-Тиллаева хоним.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lola Karimova-Tillyaeva

У душанба куни эрталаб ўзининг Instagram ва Facebook даги саҳифаларида отасининг ўтган дам олиш кунлари мияга қон қуйилиш ташхиси билан реанимация бўлимига ётқизилгани ва аҳволининг "стабил" эканини ҳақида хабар тарқатганди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги элчиси бўлган Лола Каримова-Тиллаева айни пайтда отасининг "келгусидаги соғлиқлари борасида қандайдир тахминлар қилиш анча эрта" эканини айтган.

Ўзбекистон ҳукумати 78 ёшли Ислом Каримовнинг даволаниш учун шифохонага ётқизилгани айтилган 28 августдан буён бу борада биронта қўшимча маълумот тарқатмаган.

Президент девонидаги номи ошкор этилмаган манба Президент Ислом Каримовнинг вафот этгани ҳақида душанба куни тушдан сўнг Россия матбуотида пайдо бўлган хабарларни рад этган.

Сешанба куни Би-би-сининг Тошкентдаги манбалари 31 август куни ўтадиган расмий мустақиллик байрами ва Ўзбекистон санъат усталари иштрокидаги тантанали концерт дастурининг қолдирилганини айтишган.

Ўзбекистондаги нашрлар расмийларга иқтибосан байрам дастурининг қисқартирилганини тасдиқлаганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ