"Ахборот"да Президент Ислом Каримовнинг табриги ўқиб эшиттирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzTV

Ўзбекистон давлат телевидениесининг "Ахборот" дастурида Президент Ислом Каримовнинг мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига табриги бошловчи томонидан ўқиб эшиттирилди.

Тошкентдаги Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйилгани ҳақидаги лавҳада эса Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбарлари кўринмади.

"Ахборот"даги лавҳадан Президент девони бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Ҳайриддин Султонов, Сенат ва Олий Мажлис, шунингдек, айрим вазирлик раҳбарларини таниб олиш мумкин.

Аммо унда Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўрлари сифатида кўриладиган Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва унинг биринчи ўринбосари Рустам Азимовлар йўқ эди.

"Ахборот" Президент Ислом Каримов акс этган архив кадрларини ҳам намойиш этди.

Каримовнинг Устюртдаги газ-кимё мажмуаси иншоотини бориб кўргани акс этган лавҳада "архив кадрлари" деб ёзилган.

Ислом Каримов Устюртга 2014 йил апрелида сафар қилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzTV

Давлат хабар агентлиги -ЎзА аввалроқ ҳукумат раҳбарлари Тошкентдаги Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйгани ҳақида хабар тарқатганди.

Аммо "Президенимиз " ва "давлатимиз раҳбари" сўзлари ишлатилган расмий хабарда Ислом Каримовнинг номи тилга олинмаган.

Унда 78 ёшли Ислом Каримовнинг шифохонада қолаётгани ёки соғлиги борасида ҳам ҳеч нарса дейилмайди.

Хабарда шунингдек, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ёки бошқа биронта ҳукумат мулозимининг номлари келтирилмаган.

Расмий хабарга сурат ҳам илова қилинмаган.

Давлат агентлиги гул қўйишда иштирок этган юқори давлат бошқарув органлари рўйхатини мана бу кетма-кетликда берган:

1. Президенти девони (раҳбари Зелимхон Ҳайдаров)

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (раис Ниғматилла Йўлдошев)

3. Қонунчилик палатаси (раис Нурдинжон Исмоилов)

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Бош вазир Шавкат Мирзиёев)

5. Вазирлик ва идоралар

Хабарнинг тўлиқ матни қуйидагича:

"Халқимиз Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини катта кўтаринкилик билан байрам қилмоқда. Бу буюк сана юртдошларимиз қалбига бемисл фахр-ифтихор, сурур бағишламоқда. Жорий йилда энг улуғ, энг азиз айёмимиз мамлакатимиз бўйлаб «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган эзгу ғоя асосида нишонланмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан 31 август куни ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу мақсадларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига тантанали равишда гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар номидан ҳарбий оркестр садолари остида Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйилди.

Мустақиллик, тинчлик ва тараққиёт. Бу улуғ тушунчалар доимо ёнма-ёндир. Халқимизнинг тарихий ютуғи - Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда бу ҳақиқат яна бир бор ўз ифодасини топмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида Мустақиллик майдонида улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, у яхлит меъморий ансамбль, ноёб мажмуа кўринишини олди. Бу ерда олиб борилган бунёдкорлик ишлари бош майдонимизнинг нафақат манзарасини, балки мазмун-моҳиятини ҳам тубдан ўзгартириб юборди.

Бугун Мустақиллик майдонининг кўрку таровати ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Бу ердаги доимо яшнаб турувчи дарахтлару турфа гуллар кўзни қувонтиради. Майин шабададан дарахтлар, ям-яшил майсалар оҳиста тебранади. Кундузлари қуёш нурида, тунлари нурафшон чироқлар шуъласида жилоланувчи фавворалар майдон ҳавосини мўътадил сақлайди. Бу ерга келган одам ажиб сокинликни, унинг замиридаги тинчлик ва осойишталикни янада теран ҳис этади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2005 йил 28 декабрда Мустақиллик монументи олдида Бахтиёр она сиймоси акс этган муаззам ҳайкал қад ростлади. Бугунги тинч, осуда ҳаётимиз, порлоқ келажакка бўлган мустаҳкам ишончимиз ифодаланган, фарзандини бағрига босиб, унга термулиб турган Бахтиёр она сиймосида ҳар биримиз ўз онамизни, беғубор болалигимизни, баркамол авлодимизни кўргандек бўламиз. Мазкур мажмуа эркин демократик давлат, инсон манфаати ва ҳуқуқлари ҳар нарсадан устун турадиган фуқаролик жамияти барпо этилаётган мамлакатимизда аёл зотига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

- Ҳар гал Мустақиллик майдонига келганимизда қалбимизда ўзгача туйғулар жўш уради, - дейди "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши раиси Акмал Жумабоев. - Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор туфайли қўлга киритаётган ютуқ ва марраларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бугун юртимиздаги ҳар бир ёш қалбида Ватан келажаги учун масъуллик, Ватан равнақига муносиб улуш қўшишдек эзгу ният мужассам.

Ютуқларимиз кўпайгани сари халқимизнинг фаровонлиги, турмуш маданияти ва салоҳияти ҳам юксалиб бораверади. Юксак маънавият ва салоҳиятга эга халқ янги-янги марраларни қўлга киритишга қодир. Мустақиллик йилларида халқимизнинг онгу тафаккури бутунлай ўзгарди. Бугун халқимиз замонавий, юксак даражадаги шарт-шароитларда ҳаёт кечиришга ўрганди. Буларнинг барчаси истиқлол йилларида олдимизга қўйган улуғ мақсадларга эришаётганимиз, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизнинг амалдаги ифодасидир.

Замонлар ўтади, мамлакатимизда янги-янги авлодлар дунёга келади. Аждодларимизнинг, халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарган, эркин ва обод Ватан барпо этиш йўлида қанот бўлиб, беқиёс имконият ва истиқболларни очиб берган бу кун юртимиз тарихида мангу буюк сана бўлиб қолади.

1 сентябрь куни пойтахтимизнинг барча туманларида байрам тантаналари ўтказилади. Мамлакатимиз вилоятларида байрам тадбирлари, сайиллар давом этади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption Мустақиллик расман Ислом Каримов номи билан боғланади

Бу 78 ёшли Ислом Каримов шифохонага ётқизилгани расман эълон қилинган 28 августдан буён Ўзбекистон ҳукумати раҳбарларининг биринчи расмий жамоатчилик тадбирида пайдо бўлишидир.

Аввалроқ Россиянинг Sputnik нашри ўзининг парламентдаги манбасига таяниб, Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг чоршанба куни Мустақиллик майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйгани ҳақида хабар тарқатганди.

"Анъанага кўра, ҳар йил 1 сентябр арафасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳуррият, порлоқ истиқбол ва эзгу ниятлар рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўяр эди" деб илова қилган sputniknews-uz.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Жаҳон матбуотининг кўзи 59 ёшли Бош вазир Шавкат Мирзиёевда

Аммо Шавкат Мирзиёевнинг расмий тадбирга бошчилик қилгани ҳақидаги хабар ҳозирча расман тасдиқланмади.

Хали ҳеч қаерда Мирзиёевнинг Мустақиллик монументига гул қўйгани акс этган суратлар пайдо бўлганича йўқ.

2003 йилдан буён Бош вазир лавозимида қолаётган Шавкат Мирзиёев Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўрилади.

Аммо Ислом Каримовнинг ўзи бирон бир меросхўрга ишора қилган эмас.

Азимов иш жойида

Айни пайтда Би-би-си жаноб Каримовнинг ўрнига давогарлардан яна бири, Бош вазир ўринбосари ва Молия вазири Рустам Азимовнинг одатдагидек иш жойида экани ҳақидаги хабарни ўз манбаларидан тасдиқлашга муваффақ бўлди.

Рустам Азимов оиласига яқин Би-би-си манбасининг айтишича, унинг уй қамоғида экани ҳақидаги хабарлар асоссиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Азимов ва Мирзиёев ўртасида зимдан рақобат борлиги айтилади

"Азимов Тошкентдаги иш кабинетида, аммо албатта, вазият мураккаб ва унинг яқинлари ҳам воқеаларнинг қандай ривожланишидан хавотирда", деб айтди Азимов яқинларидан иқтибос келтирган манба Би-би-си билан суҳбатда.

29 август куни мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўзининг ҳукуматдаги манбаларига иқтибосан Азимовнинг уй қамоғида экани ҳақида хабар тарқатганди.

Кейинроқ Россия нашрлари Тошкентдаги манбалар буни рад этгани ҳақида хабар берган.

Президентнинг қизи:"Отам шифо топмоқда"

31 август куни ўзининг Instagram даги саҳифасида ўзбекистонликларни мустақилликнинг 25 йиллиги билан табриклаган Президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева юртдошларининг эзгу ниятлари отасининг шифо топишида "ёрдам бермоқда деб ишониши"ни айтган, аммо давлат раҳбарининг аҳволига доир қўшимча маълумот бермаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи LOLA KARIMOVA-TILLYAEVA

"Азиз юртдошлар, сизни барчамиз учун қадрли айём - Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни билан чин кўнгилдан муборакбод этаман!

Мен бизнинг бағрикенг, меҳнаткаш ва ниҳоятда иқтидорли халқимизга бахт-саодат ва фаравонлик тилайман! Саховатли она заминимизда ҳамиша тинчлик ва ҳотиржамлик барқарор бўлсин. Она Ватанимизда асрлар оша мавжуд бўлган бағрикенглик, турли миллат ва динлар вакиллари орасидаги ўзаро хурмат ва эҳтиромга асосланган муносабатлар ҳамиша сақланиб қолишига тилакдошман.

Азизлар, ушбу фурсатдан фойдаланиб, мен барчангизга Президентимизнинг тез шифо топишларини истаб билдирган самимий тилаклар ва эзгу ниятларингиз учун чин қалбимдан ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Бу бизлар учун жуда аҳамиятлидир, ва ушбу ниҳоятда самимий ва дилдан чиққан тилаклар ва сўзлар отамнинг шифо топишларида ёрдам бермоқда деб ишонаман. Сизларга катта раҳмат, азизлар!" деб ёзган Лола Каримова-Тиллаева хоним.

У душанба куни эрталаб ўзининг Instagram ва Facebook даги саҳифаларида отасининг ўтган дам олиш кунлари мияга қон қуйилиш ташхиси билан реанимация бўлимига ётқизилгани ва аҳволининг "стабил" эканини ҳақида хабар тарқатганди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги элчиси бўлган Лола Каримова-Тиллаева айни пайтда отасининг "келгусидаги соғлиқлари борасида қандайдир тахминлар қилиш анча эрта" эканини айтган.

Ўзбекистон ҳукумати 78 ёшли Ислом Каримовнинг даволаниш учун шифохонага ётқизилгани айтилган 28 августдан буён бу борада биронта қўшимча маълумот тарқатмаган.

Президент девонидаги номи ошкор этилмаган манба Президент Ислом Каримовнинг вафот этгани ҳақида душанба куни тушдан сўнг Россия матбуотида пайдо бўлган хабарларни рад этган.

Сешанба куни Би-би-сининг Тошкентдаги манбалари 31 август куни ўтадиган расмий мустақиллик байрами ва Ўзбекистон санъат усталари иштирокидаги тантанали концерт дастурининг қолдирилганини айтишган.

Ўзбекистондаги нашрлар расмийларга иқтибосан байрам дастурининг қисқартирилганини тасдиқлаганлар.

Айни пайтда давлат матбуоти Мустақилликнинг навбатдаги санаси муносабати билан Президент Ислом Каримов номига юборилган табрик матнларини эълон қилмоқда.

Жумладан, давлат телеканаллари АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарларининг табрик телеграммаларини ўқиб эшиттирган.

Уларда Президентнинг соғлиги билан боғлиқ сўнгги вазиятга ишора йўқ.

Сешанба куни Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Ўзбекистон раҳбарининг вафот этгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмаганини айтган.

"Ҳозирда бу борада қўлимизда ҳеч қандай янги маълумот йўқ", деб айтган жаноб Песков сешанба куни Москвадаги матбуот анжуманида.

Россия Бош вазирининг ўринбосари Ольга Голодецнинг чоршанба куни журналистларга маълум қилишича, Ўзбекистон Президент Ислом Каримовни даволашда тиббий ёрдам сўраб, Москвага мурожаат қилмаган.

Интерфакс агентлиги Россия мулозимининг "бу каби ёрдам Москва билан Тошкент ўртасида мавжуд келишувлар доирасида кўрсатилиши мумкин" , деган сўзларини келтирмоқда.

"Биз қўшни давлатлар ҳудудида имкони бўлмаган мураккаб технологик жарроҳлик амалиётларида ҳар доим ёрдам бериб келамиз", - деб айтган Голодец хоним журналистлар билан суҳбатда.

У Россия томони бу борада Ўзбекистонга ёрдам кўрсатишга тайёр эканини изҳор қилган.

Аввалроқ Россиялик машҳур кардиохирург Лео Бокериянинг ўтган дам олиш кунлари Тошкентга сафар қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Шифокорнинг ўзи ҳозирга қадар бу хабарларни тасдиқламаган.

Чоршанба куни Россиянинг РБК нашри ҳам россиялик кардиохирурглар аллақачон Тошкентда эканини ёзган, аммо бу хабарларнинг ҳам расмий тасдиғи йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ