АҚШ Россияни уруш жиноятларида айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Керрининг айтишича, Россия ва Суриядан ҳисоб сўраш вақти келган

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Россиянинг Сурияда Башар Асад тузумини дастаклашга қаратилган ҳаракатлари эҳтимолий уруш жиноятлари сифатида текширилиши кераклигини айтди.

Керри Москва ҳамда Дамашқ ҳукуматини Алеппода аҳолини террор қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган стратегияни тадбиқ қилиш ва уларнинг ҳарбий мақсадига тўсқинлик қилган кимки бўлса, ҳаммасини йўқ қилишда айблади.

Вашингтонда Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эро билан қўшма матбуот анжуманида гапирган жаноб Керрининг айтишича, улардаги маълумотларга кўра, 6 октябр куни Алеппода яна бир шифохона ҳаводан ҳужумга тутилиши оқибатида 20 киши ҳалок бўлган.

АҚШ Давлат Котибининг сўзларига кўра, ҳозирда бу каби ҳужумларнинг тасодифий эмаслиги кундек равшан.

Керри бундай ҳужумлар учун масъулларни жавобгарликка тортиш вақти келганини таъкидлади.

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эронинг айтишича, БМТ Хавфсизлик Кенгашида Сурия бўйича кутилаётган овоз бериш Москванинг қонли урушга барҳам беришга қанчалик таёрлигини кўрсатади.

Россия Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида резолюцияга вето қўйиш ҳуқуқига эга.

Москва Сурияда ёрдам карвонлари ва шифохоналарни нишонга олгани ҳақидаги айбловларни рад этиб келади.

Аввалроқ Россия Бирлашган Миллатларнинг Сурияда тинчлик ўрнатишга қаратилган янги режасини маъқуллашга тайёрлигини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.