Пахта 2016: Ҳашар-футболчига ярашар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи FCANDIJON
Image caption Андижонлик тўп усталари ҳашарда

Ўзбекистон профессионал футбол лигасида энг қуйи ўринда бўлган Андижон жамоаси ўйинчиларининг пахта йиғим-теримига жалб этилиши ижтимоий тармоқларда ҳажв қилинган.

"Андижон" футболчилари пахтага чиқишибди. "Инсон ўз касбини топганда" деган рукн роса тўғри келади мана шу жойига", деб ёзган журналист Элмурот Эрматов ўзининг Твиттердаги саҳифасида.

Журналистнинг кинояли изоҳига ўрин берган Tribune.uz спорт вебсайти эса андижонлик футболчилар Олий Лигада сўнгги ўринни эгаллаб турганларини эслатган.

"Андижон" футбол клубининг ўзи "Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ—2018 йўлидаги ўйинлари сабаб Олий Лигада кичик танаффус" юзага келганидан фойдаланиб, ҳашарчиларга қўшилганини таъкидлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter

Жамоа матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳашарда футбол клуби раҳбарияти, аёллар ва болалар жамоаларининг мураббийлари иштирок этишган.

Футбол майдонини пахта майдонига алмаштирган "андижон"чилар ўзларининг пахта тераётганлари акс этган суратларни ҳам эълон қилишган.

Ижтимоий тармоқларда изоҳ қолдирган айрим ўзбекистонликлар нафақат "Андижон", балки миллий терма жамоа футболчилари ҳам пахта майдонида кўпроқ фойда келтиришлари мумкинлиги ҳақида заҳарханда қилганлар.

Таниқли адиб Тоҳир Маликнинг майдонда чополмайдиган "ўзбек футболчиларини омочга қўшиб, қўш ҳайдатиш керак"лиги ҳақида аввалроқ айтган фикрлари ҳам шу кунларда ижтимоий тармоқларда қайтадан чоп этилган.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги жаҳон чемпионати саралаш босқичи беллашувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга 1:0 ҳисобида мағлуб бўлган.

Оёқ ва қўл меҳнати

Ўзбекистоннинг амалда давлат томонидан бошқариладиган фермер хўжаликлари ҳам ўз соҳасида футболчилардан ўзиб кетолмаган.

Ҳукумат ўн минглаб ўқитувчи, шифокор ва бошқа бюджетдан маош оладиган ишчи-ходимларни пахта далаларига ташлаган.

Бу эса мажбурий меҳнат дея тасниф қилинади.

Ўзбек шоу-бизнеси вакилларининг пахта тераётганлари ё-да пахтакорлар олдида куй ва қўшиқ ижро этаётганлари акс этган суратларни ижтимоий тармоқларда чоп этишлари сўнгги йилларнинг удумлари орасида.

Ҳукумат бир тарафдан, пахта саноатида болалар меҳнатига барҳам беришга уринаркан, иккинчи томондан мажбурий меҳнатнинг энг ёмон кўринишларидан воз кечолмаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг