Мирзиёев амнистия ҳақидаги қарорни тақдим қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Senat
Image caption Сенат чоршанба куни очиладиган ялпи мажлисида амнистия ҳақидаги қарорни қабул қилиши кутилмоқда

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Сенатга Конституциянинг 24 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилган.

Бу ҳақда Сенатнинг душанба куни ўтган мажлисида маълум қилинган.

Сенат чоршанба куни очиладиган ялпи мажлисида амнистия ҳақидаги қарорни қабул қилиши кутилмоқда.

"Сенаторлар Олий Мажлис ялпи мажлисининг кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига мувофиқ парламентнинг юқори палатасига киритилган "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги масаланинг киритилиши муҳим эканлигини алоҳида таъкидладилар", дейилади чоршанба кунги мажлисга доир расмий хабарда.

Ўзбекистон телевидениесининг хабарида айтилишича, амнистия аёллар, вояга етмаганлар, хориж фуқаролари ва "бошқа айрим тоифадаги маҳкумлар"га тегишли бўлади.

Бу Ислом Каримов вафотидан кейин эълон қилинадиган биринчи амнистия бўлади.

Бундан аввал ҳам Конституция куни муносабати билан амнистия эълон қилиб келинган, аммо одатда Сенат бу ҳақдаги қарорни Конституция куни арафасида қабул қиларди.

Бу йилги амнистия ушбу санадан қарийб икки ой аввал эълон қилинмоқда.

Шунингдек, аввалги амнистияларда "бошқа тоифадаги маҳкумлар" бўлмаган.

Давлат телевидениеси уларнинг қайси тоифадаги маҳкумлар эканига ойдинлик киритмаган.

Аммо Ислом Каримов вафотидан кейин мамлакат қамоқхоналаридаги минглаб экани айтиладиган сиёсий маҳбусларнинг озод этилишига умидлар пайдо бўлган.

12 октябр кунги мажлис Ислом Каримов вафотидан буён Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси бўлади.

8 сентябр куни ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Бош вазир Шавкат Мирзиёев президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Амнистия навбатдан ташқари президент сайловлари арафасида эълон қилинмоқда.

4 декабрдаги овоз бериш жараёнлари Шавкат Мирзиёевнинг президентлигини қонунийлаштириши кутилади.

Душанба куни жаноб Мирзиёев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон мулоқоти ҳам ўтказган.

Мулоқот чоғида "икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш, дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олингани" хабар қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг