Ўзбекистон ва Афғонистон экстрадиция битимини имзолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва афғонистонлик ҳамкасби Салоҳиддин Раббоний Тошкентда икки давлат ўртасида экстрадиция тўғрисидаги битимни имзолашган.

Битим тафсилотлари маълум эмас.

Ўзбекистон 2005 йилда Афғонистонга қўшни Покистон билан экстрадиция тўғрисидаги битимни имзолаганди.

2006 йил майидан кучга кирган битим доирасида Покистон ўнлаб террор гумондорларини Ўзбекистонга топширган.

Ҳозирга қадар Афғонистон билан экстрадиция битими имзоланмагани сабаблари маълум эмас.

Толибон даврида юзлаб ўзбекистонликлар Афғонистонда паноҳ топган, уларнинг кўпчилиги афғон ватандошлигига эга бўлгани тахмин этилади.

Ўзбекистон Афғонистондаги фуқароларини исломий жангарилар сифатида кўриб келган.

Афғонистондаги жангу жадаллар орасида қолиб кетган юзлаб ўзбек оилалари 2001 йилдаги АҚШ амалиётларидан сўнг Покистон ва Эрон каби қўшни давлатларга қочиб ўтишган, айримлари БМТнинг қочқинлик мақомини олганлар.

Оврўпо Инсон Ҳақлари маҳкамаси Эрондан Туркияга қочиб ўтишган уринган ўзбек қочқинларини ортга қайтарган Туркиядан камида бир ўзбек муҳожирининг оиласига товон ундирган.

Қўшничилик

Жаноб Комилов 18 октябр куни Тошкентда ўтадиган Ислом Конференцияси Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг анжуманида иштирок этиш учун келган афғон ҳамкасби билан икки томонлама алоқаларни ҳам муҳокама этгани билдирилган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан чегарадош Термиз шаҳрига сафар қилган ва Ўзбекистон жанубий қўшниси билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга ҳозирлигини айтган эди.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида ўзбек-афғон алоқаларида асосий урғу хавфсизликка қаратилганди.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида Афғонистон билан темир йўл алоқасига эга бўлган ягона давлатдир.

Таҳлилчиларга кўра, Афғонистон Ўзбекистоннинг Ҳинд уммони ва Форс кўрфазидаги бандаргоҳларга чиқиши учун муҳим транспорт йўлаги саналади.

Афғонистонда барқарорлик ўрнатилиши Ўзбекистонга ушбу йўл орқали ўзининг энергетика заҳираларини янги бозорларга олиб чиқиш имконини яратади.

Биринчи тадбир

Ислом Конференцияси Ташкилоти Ташқи ишлар вазирларининг 43-сессияси 18-19 октябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Унда 26 нафар аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этиши билдирилган.

Бу Ўзбекистонда президент Ислом Каримов вафотидан кейинги биринчи халқаро анжумандир.

Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон минтақавий қўшнилари билан алоқаларни яхшилаш томон қадамлар қўйган.

Тошкентдаги анжуманда Ўзбекистон ташкилотнинг амалдаги раислигини қабул қилиб олади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.