100 аёл: Никоҳга "йўқ" деган қиз

Image caption Никоҳга "йўқ" деган қиз

Балкисса Чайбу шифокор бўлишни орзу қилганди. Аммо 12 ёшда амакиваччасига унаштирилгани эшитиб, даҳшатга тушади.

У ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашишга қарор қилди. Бу кураш, ҳатто ота-онасини судга тортишни англатса ҳам йўлидан қайтмайди.

"Соат 18:00лар атрофида мактабдан уйга қайтдим. Онам олдига чақириб, бир гуруҳ меҳмонларга ишора қилди. "Анавиниси сенга уйланади", деди.

Мен аввалига у ҳазиллашяпти деб ўйладим. Лекин: "Бор, сочларингни ювиб, қайта ўриб кел", деганида, гап жиддий эканини англадим", - деб эслайди Балкисса.

Нигерлик бу қиз ҳар доим ўз орзулари билан яшаган.

"Болалигимда шифокор бўлишни истардим. Одамларга ёрдам бериш, оқ халат кийишни орзу қилардим", - дейди у.

Аммо, қўшни Нигериядан ўз отаси билан меҳмонга келган амакиваччасига турмушга чиқса, орзулари пучга чиқиши тайин эди.

Нигер балоғатга етмаганлар турмуши бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. Бунга асосий сабаб - мамлакатдаги қашшоқлик.

"Мантиқ мана бундай: Болаларим кўп. Агар биттасини турмушга узатиб қутулсам, демак, камроқ болани қорнини тўйдиришга мажбур бўламан", - дейди Нигердаги БМТнинг Аҳоли жамғармаси вакили Моник Клеска.

Балкиссанинг ота-онасида беш қизи бор эди, шундай экан улардан бирини турмушга узатиш иқтисодий мантиққа мос тушган.

Нигерда қизларни эрта турмушга узатиш муаммоси ортидаги яна бир сабаб, кўплар шу йўл билан никоҳдан ташқари ҳомиладор бўлиш ҳолларига қарши курашиш мумкинлигига ишонишади.

"Ҳозирги замон болалари яхши тарбияланмайди. Агар эрта ўйлаб қўйилмаса, оиласи шаънига доғ тушириши мумкин", - дейди Балкиссанинг онаси Ҳадиза Алмаҳамуд.

Балкисса 16 га тўлганида, қалин пули, сандиғи ва келин кўйлаги олиб келинди.

"Ичимдан бир оғриқни сездим, юрагим чил-чил бўлди. Мен ахир ўқиб, ўз келажагим учун курашяпман, бу одамлар эса бунга тўсиқ бўлади, деб ўйладим", - дейди у.

У мактабни битиргач, турмушга чиқмасликка қарор қилди. Онаси уни тушунди, аммо аёл сифатида ҳечнарсани ўзгартира олмасди.

Шунда, Балкисса отасига борди. Эрга тегишга рози экани, аммо бир шарт билан - бакалавриат дипломини олмагунча, эрини фақат таътилда кўра олишини айтди.

Аммо отаси бунга рози бўла олмади. Чунки Туарег қабиласи қонунларига кўра, у куёвнинг отаси, яъни ўз акаси хоҳишига қарши чиқа олмасди.

Кейин Балкисса мактаб директорига мурожаат қилди, у ўз навбатида қизни "Ҳуқуқий ёрдам ва фуқаролик арзи маркази" номли ноҳукумат ташкилотга йўллади.

Бу ташкилот ёрдамида ёш қиз отаси ва амакисини уни турмушга мажбурлаганлари учун судга тортди.

Аммо, судга тортилган амакиси ўзаро тушунмовчилик юзага келганини айтиши ортидан, суд иши бекор қилинди. Бироқ Балкисса уйига қайтганида, амакиси уни ўлдириш билан таҳдид қилди.

Балкисса аёллар учун бошпанага қочишга мажбур эди.

Кўп ўтмай, ғазабнок амакиси куёв билан Нигерияга қайтиб кетгач, Балкисса уйига қайтишга муваффақ бўлди.

"Мактаб формамни кийганимда... худди қайта туғилгандек бўлдим. Ҳаётим қайта бошлангандек ҳис қилдим ўзимни", - дейди у коллеждаги таълимни бошлаган кунини эслаб.

Ота-онасининг ҳам ўз қараши ўзгарди.

"Биз бундай нарсалардан қўрқиб қолдик. Катта бўлганда, ўзи эр танлаш имконига эга бўлади. Биз унинг учун буни қила олмаймиз", - дейди унинг онаси.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар