Ислом Каримов: "Онам тирик"

Image caption Ёш Ислом Каримов

Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Би-би-си билан мулоқотда ўз онасининг ўлими борасидаги хабарни "миш-мишлар, холос", деб атади.

Би-би-си ундан онаси қаерда эканини сўраганида, 23 ёшли Ислом Каримов қуйидагиларни ёзди:

"Онам 2014 йил февралидан бери ҳали ҳам уйда ушлаб турилибди. Синглим энди уй ҳибсида эмас, лекин мамлакатни тарк эта олмайди. Мен ҳозир Лондондаман", - деди у.

Бу ҳақдаги лавҳани BBCUZBEKнинг YouTube каналида томоша қилинг

Бироз аввал Фейсбукдаги "Дети Каримова" ("Каримов фарзандлари") саҳифаси ҳам Ислом Каримов билан боғлангани ва ундан онаси ўлими ҳақида сўраганини маълум қилди.

Аммо, Ислом Каримовнинг Би-би-сига айтишича, бу саҳифага у "анча аввал "берган узун матнда унинг сўзлари ўзгартириб берилган, аммо маъноси, умуман олганда, сақлаб қолинган.

Ушбу матнда Президент Каримовнинг вафоти ҳам тилга олинган.

"Менга ва яқинларимга бобом билан ҳайрлашишга имкон беришмади. Мен у ерда бўлишни жуда хоҳлагандим. Бобом ўлганидан бери жуда тушкунликда эдим ва ҳеч ким билан гаплаша олмаётгандим. Онам қўнғироғимга дарров жавоб бермади. Мен Лондондаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилмоқчи эдим, аммо синглим қўнғироқ қилди ва бу миш-миш эканини айтди", - дейилади ёш Ислом Каримовдан экани айтилган матнда.

Хавф

2014 йилда, ҳали бобоси тириклигида Би-би-сига берган интервьюсида Ислом Каримов ўзи ва онаси ҳаёти хавф остида эканини айтганди.

"Менинг ўзим ҳам душман ва нишонга айланганман. Мен бутун бошли режимга қарши курашмоқдаман", - деган у.

У гўёки ўзи ва онасига қарши қилинган суиқасд амали ҳақида ҳам гапириб берганди.

"Мени ва онамни 2 йил аввал заҳарлашга уринганлар. Оғир металлар билан. Менинг танамдан олти тур металл қолдиғини топишди. Онамнинг танасида эса анчайин кўпроқ эди..", - деб айтган ёш Ислом Каримов.

"МХХдаги манба"

Бир кун аввал Марказий Осиё бўйича хабарлар тарқатувчи Центр-1 сайти собиқ Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова 5 ноябрда заҳарланиб ўлганини хабар қилди.

Сайтда айтилишича, бу хабарни Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматидаги аноним манба берган.

Мазкур манбанинг сайтга айтишича, 44 ёшли Гулнора Каримова заҳарланган ва 5 ноябрда оламдан ўтган.

Манба унинг Тошкентдаги "Минор" қабристонида дафн қилингани, қабри эса текислаб қўйилганини ҳам айтган.

Центр-1 мақоласида ёзилишича, МХХдаги манба Каримова хонимни кўмиш жараёнида шахсан ўзи иштирок этган, сўнгра "унинг фарзандлари - ўғли Ислом ва қизи Имон қисматлари учун хавотир" олиб телефон орқали интервьюга рози бўлган.

Гулнора Каримованинг ўлими ҳақидаги мазкур иддао ижтимоий тармоқлар ва хорижий матбуотда яшин тезлигида тарқалди.

Аммо, Би-би-си ўзбек хизматининг Ўзбекистондаги расмий манбалари бу маълумотни тасдиқлашмади.

Интерфакс ва РИА Новости хабар агентликлари Каримова хонимнинг ўлгани борасидаги маълумот ёлғон эканини ўз манбаларига таяниб хабар қилишди.

Гулнора Каримованинг аҳволи, унинг қаерда ва қандай шароитларда сақланаётганини аниқлаш мураккаблигича қолмоқда.

Ўзбекистондаги ёпиқ ахборот муҳити туфайли мамлакатнинг илк президенти Ислом Каримовнинг қачон вафот этгани борасида ҳам миш-мишлар тарқаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар