Президент Атамбаев: 'Мирзиёев-Ўзбекистон халқи кутган раҳбар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи ҚИРҒИЗИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ
Image caption Атамбаев Самарқандда Ислом Каримов қабрига гул қўйган

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Марказий Осиё давлатлари мустақиллик учун курашни якунлаб, иқтисодий тараққиёт босқичига қадам қўйганини айтган.

Шанба куни Самарқандда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида гапирган Атамбаев марҳум Ислом Каримов Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун кўп иш қилганини эътироф этган.

"Ҳар бир президентнинг ўз даври ва хизматлари бўлади. Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистонни том маънода мустақил қилди... Сиз-Ўзбекистон халқи кутган раҳбарсиз. Мустақиллик учун кураш босқичи ниҳоясига етди. Эндиликда иқтисодий тараққиёт, алоқаларни ривожлантириш ва чекловларни олиб ташлашга аҳамият қаратиш керак. Шундай қилиш керакки, одамлар чегара борлигини сезишмасин", деб айтган Қирғизистон раҳбари.

У 2010 йил ёзида Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликлар чоғида марҳум Ислом Каримов ва ўша пайтда мамлакат Бош вазири бўлган жорий Президент Мирзиёевнинг хизматларини яхши эслашларини таъкидлаган.

"Биз ўшанда сиз билан кунига бир неча марталаб мулоқот қилдик, бизга ёрдам берганингиз учун сиздан миннатдорман...", -деб айтган Ўзбекистон раҳбарига қирғиз ҳамкасби.

'Янги саҳифа'

Атамбаев Ўзбекистонга ташрифини "рамзий" деб баҳолаган.

"20 йил муқаддам шу куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида абадий дўстлик шартномаси имзоланганди. Бугун биз муносабатларда янги саҳифа очаяпмиз. Бундан буён ушбу шартнома фақат қоғоздагина бўлмайди", -деб айтган Атамбаев.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, икки давлат раҳбарлари давлат чегараларини демаркация қилиш жараёнини тезроқ якунлашга келишганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Самарқанд аэропортида меҳмонларни Мирзиёев ва рафиқаси кутиб олган

Қирғиз томонига кўра, ҳозирда 1300 километрлик чегаранинг 70 фоизи демаркация қилиб бўлинган.

Президент Мирзиёев Атамбаевга Самарқанддаги "JV MAN Auto - Uzbekistan" Ўзбекистон-Герман қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган ўзбек автосаноати намуналарини кўрсатган.

Ўзбекистондаги нашрларнинг иқтибос келтиришича, Мирзиёев қирғиз ҳамкасбига Chevrolet Malibu автомобилини кўрсатаркан, ўзи ҳам "дам олиш кунлари шу машинада юриши"ни айтган.

"Машиналар арзон ва яхши", - деган Ўзбекистон Президенти.

Каримов даврида Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан муносабатлари муаммоли бўлиб келган.

Бунга Бишкекнинг сув-энергетика лойиҳалари ва чегарадаги баҳсли ҳудудлар сабаб бўлган.

Мирзиёев ўзбек-қирғиз чегарасидаги Ўнғортепа баҳсли ҳудудидаги зиддиятни ечган ва Қирғизистон билан чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёнини тезлаштирган.

Ўзбекистоннинг янги президенти қўшнилар билан алоқаларни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши деб эълон қилган.

Мирзиёев ва Атамбаев бош вазирлик пайтларида яқиндан ҳамкорлик қилгани айтилади.

Атамбаев Мирзиёев Президент этиб сайланганидан буён Ўзбекистонга ташриф буюрган илк хорижий давлат раҳбари бўлган.

Айни пайтда Мирзиёвнинг ўзи биринчи хорижий сафарини қайси давлатга амалга ошириши номаълум бўлиб қолмоқда.

Аввалроқ Кремл Ўзбекистоннинг янги раҳбари биринчи хорижий сафарини Россияга қилишини айтганди.

Ўзбек томони ҳозиргача буни расман тасдиқламаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+ - BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар