Рамзан Қодиров яна ҳижобни ҳимоя қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria Novosti
Image caption Рамзан Қодиров яна ҳижобни ҳимоя қилди

Чеченистон раҳбари Қодиров Россия Таълим вазири Ольга Васильевани "ўз фикрини жамоатчиликка тиқиштиришда" айблади.

Васильева мактаб ўқувчиларининг ҳижоб ўрашига қаршилигини айтган эди.

"Вазир маҳаллий раҳбарларни йўлга солишнинг ўрнига ўзининг шахсий қарашини миллионлаб фуқароларга уқтирмоқда. Менинг учта қизим мактабга боради, ҳижоб ўрайди ва аъло баҳоларда ўқийди. Ольга Васильева улардан рўмолларини ечишни талаб қилмоқда. Қизларим ҳеч қачон бундай қилмайди", деб ёзган Қодиров ўзининг Instagram даги саҳифасида.

"Ҳижоб мусулмонча кийимнинг муҳим бир қисмидир".

Қодировга кўра, ҳижоб масаласи атайдан, мактаблардаги бошқа муҳим муаммолар - гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, жиноятчиликдан жамоатчиликни чалғитиш учун кўтарилади.

"Ҳижобга қарши курашаётганлар ана шу муаммолар ҳақида қайғуришсин", деб ёзади Чеченистон раҳбари.

Россияда ҳижоб масаласи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳижобни Путин ҳам ёқтирмайди

Бундан бир неча кун аввал вазир Васильева ўқувчилар ўз кийимлари билан динларини кўз-кўз қилмасликлари керак, деб айтган эди.

Таълим вазири Белозерье татар қишлоғига сафар қилган ва ўз чиқишида "ҳақиқатда имонли инсонлар ўз динларини кийим ва бошқа нимарсалар билан бўрттиришга ҳожат сезишмайди. Бизда таълим тизими дунёвий қадриятларга қурилган", деб айтган

Вазир бундан бир неча йил аввал Ставрополь ўлкасида ҳам шундай вазият юзага келгани ва ўшанда Россия Конституцион маҳкамаси мактабларда ҳижобни тақиқлаганини эслатган.

Россияда фақат Татаристонда мактаб ўқувчиларининг ҳижоб кийишига расман рухсат этилган.

Доғистон ва Чеченистонда эса ҳижобни тақиқлаш масаласи кун тартибига чиқиши ўта мушкул дейди кузатувчилар.

Ҳижобни тақиқлаётган Ставропол ўлкаси эса Россиянинг мусулмон аҳолиси кўплаб яшайдиган Чеченистон ва Доғистонга чегарадошдир.

2013 йилда кучга кирган қонун бўйича мактаб формаси жорий этилиши ва янги тартиб мактаб раҳбарияти ихтиёрида бўлиши айтилган.

Ставропольдаги мактабларда ҳижоб масаласига аралашган Президент Путин рўмол ўрашнинг ҳеч қандай яхши томони йўқлигини айтган эди.

Путинга кўра, бунақа анъана Россиянинг ҳатто мусулмонлар яшайдиган минтақаларида ҳам бўлмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар