Ўзбекистон блогерларга лицензия жорий қилмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uz24.uz

Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот агентлиги мамлакатда блогерлик фаолияти учун махсус лицензия жорий этиш режасидан воз кечганини айтган.

"Новости Узбекистана" нашрининг Агентлик лицензиялаш департаменти раҳбари Артур Кандан иқтибос келтиришича, бу каби қарор "мамлакат ичкарисидаги блогерлик фаолиятини мураккаблаштирмаслик" мақсадида қабул қилинган.

"Яқин келажакда бу борадаги қонунчиликка ўзгартириш киритиш режаси йўқ", - деб айтган мулозим.

Унинг сўзларига кўра, агентлик блогерлар учун Россиядаги каби алоҳида лицензия жорий этиш масаласини муҳокама қилган, аммо ҳозирча лицензиялашга эҳтиёж йўқ, деган хулосага келган.

Ўзбекистонда блогерлик фаолияти "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонун доирасида тартибга солинади.

Қонунга "блогерлик" ибораси илк бор 2014 йилда киритилган.

Унда очиқ манбалардан қўлга киритилган ахборотни тарқатаётган шахснинг масъулияти белгилаб берилган.

Исмини очиқлашни истамаган ўзбек блогерларидан бирининг Би-би-сига айтишича, қонунда блогер оммавий ахборот востасига тенглаштириб қўйилган ва у ҳам барибир тарқатган ахбороти учун қонун олдида жавоб беради.

"Бизда интернет ОАВми-йўқми, деган саволнинг жавоби йўқ. Шунинг учун ОАВга чиқарилаётган ҳар нарса текширилиши керак, деган важ билан исталган одамни жавобгарликка тортиш мумкин", - дейди ўзбекистонлик блогер.

Ziyouz портали асосчиси Давронбек Тожиалиевга кўра, расмийларнинг блогерларни ҳозирча лицензияламаслик қарорини мамлакат ичкарисидаги блогерларнинг ҳокимият ва жамиятга таъсири чеклангани билан тушунтириш мумкин.

"Ўзбекистонда блогерлик ҳали Россия ва ғарб давлатлари каби яхши ривожланмаган. Яъни блогерларнинг таъсир кучи деярли сезилмайди. Ўзбек блогерларининг аудиторияси у қадар катта эмас. Балки шунинг учундир, уларнинг фаолияти учун лицензия талаб қилинмайди. Лекин бу ҳам вақтинча, деб ўйлайман. Блогерлар бевосита ҳокимият ва жамиятга таъсир кўрсата оладиган ҳолга келса, лицензия олиш талаб қилинса керак", - дейди Давронбек Тожиалиев.

Унинг сўзларига кўра, ижтимоий-иқтисодий соҳада бошланган ўзгаришларга қарамай, эркин блогерлик ҳақида гапиришга ҳали эрта.

"Ҳақиқий маънодаги эркин блогерликка эришиш учун аввал холис ва профессионал интернет журналистикани шакллантириш керак. Ўзбекистон ичкарисида сиёсий мавзуда эркин қалам тебратадиган блогерлар, деярли йўқ ҳисоб. Иқтисодий-ижтимоий мавзулар бемалол", - дейди у.

Маҳаллий блогерларнинг фикрича, Ўзбекистонда блогерлик фаолиятининг у қадар ривожланмаганига асосий сабаб блогерларнинг ўз блоглари орқали иқтисодий фойда кўрмаслигидир.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги интернет нашрларнинг хабарларни ёритишда бир қадар фаоллашгани кузатилади.

Аммо бу каби фаоллик ҳозирча босма матбуотда кўзга ташланаётгани йўқ.

Ўтган ҳафта Хоразмга сафари чоғида Президент давлат телеканалларини "телевизорда ҳар куни корейс билан Ҳиндистонни киносини кўрсатавермасдан", долзарб муаммоларни кўтариб чиқишга чақирган.

Айрим маҳаллий журналистларнинг тахминларича, матбуот қаттиқ назорат қилинадиган Ўзбекистонда айни соҳа учун масъул агентликнинг блогерларни лицензияламаслик қарори Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аммо уларга кўра, матбуот соҳасида жиддий эркинлаштириш жараёнларининг бошланиши сиёсий соҳада кенг кўламли ислоҳотларнинг ўтказилишига боғлиқ.

Президент Мирзиёев ҳозирга қадар сиёсий соҳада ҳам ислоҳотларнинг бошланишига ишора қилмаган.

Ўтган ой Ўзбекистон Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев иқтисодий соҳада ислоҳотлар ўтказиш зарурати "сиёсий тизимни янгилашни тақозо қилаётганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, инсон ҳақларини ҳимоя қилмасдан ва бошқарувни шаффофлаштирмасдан туриб, иқтисодий ўсишга эришиб бўлмайди.

"Бу кимгадир ёқиш ёки халқаро ташкилотлар олдида ҳисобот бериш учун қилинаётгани йўқ. Сиёсий ислоҳотларни кейинга қолдириш жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин", -деб айтган Сенат мулозими.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг