Шавкат Мирзиёев: Номаълумликдан машҳурликка

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, Official

24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 60 ёшга тўлди. Давлат раҳбари туғилган кунини қандай нишонлаши ҳақида расмий маълумот берилмади.

Хорижий раҳбарларнинг табриклари ҳам расмий матбуотда пайдо бўлганича йўқ. Бу ҳақда фақат ушбу давлатлар раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар тарқатмоқда.

Марҳум Ислом Каримовнинг туғилган куни ҳеч қачон расмий даражада нишонланмаган.

Давлат матбуоти президентнинг таваллуд санасини эсламасди.

Қолаверса, Каримов 1990-йиллар бошида ўз шахсини улуғлашни қарор билан тақиқлаган.

Аммо минтақадаги айрим давлатлар, жумладан, қўшни Қозоғистонда президентнинг туғилган куни давлат аҳамиятига молик алоҳида сана ёки миллий байрамга тўғри келади.

Номаълумликдан машҳурликка

Ўтган йил сентябрида ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев собиқ совет ҳудудида энг ёш раҳбарлардан.

У умрининг қарийб ярмини ҳокимиятнинг энг юқори доираларида ўтказган эса-да, ўтган йил сентябригача аксар ўзбекистонликлар на унинг туғилган куни ва на сиёсий қарашларидан бохабар эди.

Ўтган қарийб 11 ой мобайнида Мирзиёев ўзини ислоҳотчи, халқпарвар ва янгича қарашдаги сиёсатчи сифатида тақдим қилиб келади.

У эълон қилган ислоҳотлар дастури жамиятнинг турли қатламлари томонидан дастакланган.

Айни пайтда танқидчилар Мирзиёев Каримов тузумининг давомчиси экани, жиддий сиёсий ислоҳотларга умид қилиб бўлмаслигини айтишади.

Янги "Дода"

Ижтимоий тармоқларда кўплаб ўзбекистонликлар Президентни туғилган куни билан бир кун олдин табриклашни бошлаганлар. Душанба куни эрталаб Тошкентда рус тилида "60. Туғилган кунингиз билан!", "Келажакка сиз билан" ёзувлари битилган оқ футболка кийган бир гуруҳ ёшлар флешмоб ўтказишган.

Аммо бу флешмоб ташкилотчиси ким экани айтилмаган. Яқинда номи Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи деб ўзгартирилган "Камолот" ташкилоти Би-би-сига флешмобга алоқаси йўқлигини айтди.

BBC O'zbekнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўнлаб ўзбекистонликлар Президентга табрикларини қолдиришган.

"Аллоҳ умрингизни зиёда қилсин , халқимизни рўшноликка олиб чиқинг тезроқ", деб ёзади Ёдгор Таиров исмли Фэйсбук фойдаланувчиси.

Ижтимоий тармоқлардаги табрикларда худди Каримовга нисбатан қўлланилгани каби "дода" ва "юртбоши" иборалари ишлатилган изоҳлар кўплаб учрайди.

Айни пайтда худди яқин ўтмишдаги каби Президент шахсини улуғлаш бошланиб кетганидан хавотир изҳор қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

"Ўзини ҳурмат қилган одам шахсан танимаган президентни туғилган куни билан табрикламайди", деб ёзган блогер Сардор Салим.

Кремлнинг расмий сайтида Президент Путиннинг Мирзиёевга табриги матни чоп этилган.

"Россияда Сизнинг давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган принципиал мавқеъингиз юксак қадрланади", дейилган Путиннинг табригида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02