Расмий матбуот Гулнора Каримова ҳақида сукут сақламоқда

Гулнора Каримова вақтида марказий телеканаллар марказида бўлган Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Гулнора Каримова вақтида марказий телеканаллар марказида бўлган

Ўзбек матбуоти собиқ Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова қўзғатилган жиноий иш борасида сукут сақламоқда. Бош прокуратура 28 июл куни Гулнора Каримованинг 2015 йил 5 йил озодликдан чекланганлиги ва яна бир иш бўйича терговда эканлигини маълум қилган эди.

Бош прокуратура томонидан чиқарилган хабар 28-29 июл кунлари расмий нашрларда чоп қилинмади.

Ислом Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятга келган Мирзиёев ҳукумати оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш борасида сезиларли ишлар қилган бўлса-да, маҳаллий матбуот ва телеканаллар мамлакатдаги энг муҳим хабарга изоҳ ҳам бермаган.

Расмий матбуотдан фарқли равишда маҳаллий мустақил янгилик сайтлари Каримова ишига оид хориж нашрларида чиққан хабарлар ва экспертларнинг фикрларини қайтадан нашр қилган.

Ўзбекзабон ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу янгиликни фаол муҳокама қилган. Фикрларнинг аксарияти Гулнора Каримованинг кенг кўламли жиноий фаолиятини ва оффшор ҳудудларда миллиардлаб пул ўзлаштирганини қораламоқда.

Ҳокимиятда узоқ муддат қолган отасининг меросхўри сифатида кўрилган Гулнора Каримова бир неча жиноятларда айбдор деб топилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси жума куни марҳум Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2015 йили фирибгарлик, божхона қонунларини бузиш, бизнесларни тортиб олиш каби бир неча айблар билан 5 йилга озодликдан чеклаш жазосига маҳкум қилинганини билдирганди. Хабарда Гулнора Каримова ҳозир бошқа иш бўйича ҳам терговда эканлигини билдирган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси хабарида айтилишича, Гулнора Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ