Мобил операторлар мижозлардан нимани яширмоқда?

Ўзбекистонда телефон рақамлари қайта сотилиши оддий ҳол.

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи,

Ўзбекистонда телефон рақамлари қайта сотилиши оддий ҳол.

Самарқандлик блоггер Мирзо Субхоновнинг ёзишича, Ўзбекистонда ишлатилган телефон рақамларининг қайта сотилиши мижозларнинг шахсий маълумотларига таъсир қилмоқда. Қуйида унинг мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз.

"Ўзбекистон мобил операторлари ўз харажатларини камайтириш ва максимал фойда олиш мақсадида сотаётган рақамлари тўғрисидаги баъзи муҳим маълумотларни яшириб келмоқдалар. Бу ўз навбатида оператор мижозларига кўпгина ноқулайликлар туғдирмоқда.

Операторлар томонидан сотувга чиқарилаётган рақамларнинг олдин ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги тўғрисида мижозга маълумот берилмайди.

Бунинг эвазига операторлар янги каналларни ижарага олишни камайтирмоқда ва ўз маблағини тежамоқда.

Мижоз учун бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Бу саволга жавоб излашга ҳаракат қилайлик.

Мобил рақамларни кимлар тез-тез алмаштиради?

Мобил рақамларини тез-тез алмаштирадиганлар орасида шубҳали шахслар, фирибгарлар, енгил табиат аёллар бўлиши мумкин.

Шундай «ишлатилган» ёки «second hand» рақамларни билмасдан сотиб олган мижозларга бу қандай зарар етказиши мумкин?

Масалан, кечаси ярим тунда хотинининг ёнида эрига нотаниш аёл телефон қилиб қолса, ёки аёлга эрининг олдида нотаниш эркак телефон қилса, бу оиладаги можарога сабаб бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, uzxalqharakati.com

Сурат тагсўзи,

Рақамлар қўлдан-қўлга ўтиши шахсий маълумотларни қанчалар фош қилади?

Бундан англашилмовчиликларнинг охири йўқ.

Умуман айтганда, бу ҳолат янги мижозга қўшимча ноқулайлик яратиши хавфи катта.

Бундан ташқари, бу рақамнинг олдинги эгасининг Telegram, Whatsаpp ва бошқа ижтимоий тармоқ ва мессенджерлардаги шахсий маълумоти бегона одам қўлига тушишига ҳам сабаб бўлади.

Бу ачинарли ҳолат мобил операторларнинг на янги ё на эски мижозлари ҳақида қайғуриши, ҳамда фойда олишдан бошқа ҳеч қандай мақсади йўқлигидан далолат беради.

Истеъмолчилар ҳуқуқини бузаётган бу ҳолатни бартараф этиш учун мобил операторлар янги «new» ва олдин ишлатилган «second hand» рақамлар тўғрисида ўз мижозларига маълумот беришлари шарт.

Олдинги мижоз тўғрисидаги шахсий маълумотни эмас, балки рақамнинг ишлатилганлиги ёки ишлатилмаганлиги тўғрисидаги маълумотни назарда тутяпман, албатта.

Мижозлар олдин ишлатилган рақам юзасидан келиб чиқиши мумкин бўлган «ноқулайликлар» юзасидан огоҳлантирилиши шарт.

Агар шу ҳолат дунёнинг ривожланган мамлакатида содир бўлиб, бирор мижозга зарар етганида, катта бир шов-шувга ва мижозга оператор томонидан катта миқдордаги товон тўланишига сабаб бўлиши муқаррар.

Ҳурматли (бизни ҳурмат қилмасангиз ҳам) мобил операторлар! Ўзбекистонликларнинг ҳам кўп нарсага ақли етади!"