Президент Мирзиёев Нью-Йоркка жўнаб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz
Image caption Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан июнда Тошкентда учрашганди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун - 18 сентябрь куни Нью-Йоркка учиб кетди.

Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумий музокараларида нутқ сўзлайди. Ўзбекистон расмий агентликлари мазкур нутқда қандай масалалар кўтарилишини очиқламади.

Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро валюта фонди тақсимловчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ён Ким ҳамда БМТ Бош Ассамблеясига ташриф буюрган бошқа давлат раҳбарлари билан учрашади.

Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон - Америка бизнес-форумида иштирок этади.

Бизнес-форумда икки давлатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий соҳаларда келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Бизнес-форум 20 сентябрь куни Нью-Йоркдаги Park Hyatt New York меҳмонхонасида бўлиб ўтади.

АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси ўз сайтида ёзишича, Ўзбекистондаги "агрессив иқтисодий ислоҳотлар, валюта либерализацияси АҚШ бизнес ҳамжамиятида Ўзбекистонга нисбатан мисли кўрилмаган қизиқишни уйғотди".

Форумда Ўзбекистон ҳукумати номидан Сенатор Содиқ Сафоев, "Ўзавто" раиси Улуғбек Рўзиқулов, "Ўзбекэнерго" раиси Улуғбек Мустафоев, Ташқи савдо алоқалар вазири Элёр Ғаниев, ҳамда газ ва нефть, кимёвий саноат, фармацевтика, туризм, тўқимачилик ва қатор бошқа соҳалар раҳбарлари иштирок этадилар.

Мирзиёев Америкадан неча миллиард долларлик шартнома билан қайтади?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар