Ўзбекистонда мажбурий меҳнат қурбонлари - 58 яшар маҳбус ва болалар шифокори

Шифокор Фахриддин Саидовнинг икки боласи қолган Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova
Image caption Шифокор Фахриддин Саидовнинг икки боласи қолган

Жиззах вилояти Зафаробод туманида пахта теримига сафарбар қилинган маҳбуслар ичида 58 ёшли Нажмиддин Саримсоқов пахта даласида жони узилган. Самарқанд туман тиббиёт бирлашмасида болалар шифокори бўлиб ишлаган 52 ёшли Фахриддин Саидов селектор мажлисидаги дўқ-пўписалардан икки кун ўтиб юрак хуружи сабаб оламдан ўтган.

58 ёшли маҳбус Нажмиддин Саримсоқов яқинларининг айтишича, марҳум юрак хасталигидан озор чеккан. Бунгача икки марта юрак хуружига учраган маҳбус пахта теришга мажбурланган.

Нажмиддин Саримсоқов 8 октябр куни тонгда пахтага чиқишга ҳозирлик кўраётганда қўққисдан йиқилган. Етиб келган шифокорлар уни сунъий нафас олдириш аппаратига улашган, аммо маҳбусни қутқариб қолишолмаган.

Яқинларининг айтишича, шифокорлар унга мияқа қон қуйилиш натижасида ўлган, деган тиббий хулоса беришган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Зафаробод туманида пахта тераётган маҳбусларга бир кунда 100 кило пахта териш нормаси қўйилган. Уни бажармаган маҳбуслар картошка, пиёз тозалаш каби ишларга жалб қилинган.

Марҳум яқинларининг айтишича, Нажмиддин Саримсоқов 60 га яқинлашиб қолгани ва соғлиғи яхши эмаслиги сабаб 100 кило пахта теришга мажбурланмаган.

"У киши кунига 50-60 кило пахта тераётганини айтган эди. Ёшингиз катта экан, мазангиз йўқ экан, деб 100 килолик нормани мажбур қилишмаган. Эрталаб соат 4 да уйғотишаркан, кейин тонг ёришар-ёришмас далага олиб чиқиб кетишаркан. Кечқурун қуёш ботгунча далада юришган", - дейди марҳумнинг яқини.

Нажмиддин Саримсоқов бундан олдин икки марта юрак хуружига учраган. Унга оғир юк кўтариш мумкин бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Timur Karpov
Image caption Пахтага мажбурлаш бу йили ўзгача тус олган

Шундай бўлса-да уни Зафаробод туманига пахтага сафарбар қилишган.

"Оёқлари оғриб пахта даласида бир ҳафта пахтага чиқмасдан ётиб даволанган. Бизга эртаси куни кечки вақт келишимизни айтган эди. Чунки кундуз пахтада бўлиши керак экан. Оёғидан зах ўтаётгани учун махси ва ковуш олиб келишни сўраганди. Эрталаб бунақа хабар келди", дейди яқинларидан бири.

Пахта кампанияси даврида 58 яшар Нажмиддин Саримсоқовнинг ўлими якка ҳолат эмас.

Норасмий "Қўрқмаслар" гуруҳи фаоли Малоҳат Эшонқулованинг маълум қилишича, 16 сентябрь куни Самарқандлик болалар шифокори Саидов Фахриддин ҳам селектор мажлисидаги сўкишлардан икки кун ўтиб пахтага чиқаётган маҳал жон берган.

Фахриддин Саидов Самарканд вилояти Самарканд туман тиббиёт бирлашмаси Касаба уюшмаси раиси ҳам бўлиб ишлаган. Аслида ишчиларнинг манфаатини ҳимоя қилиши керак бўлган Саидов тумандаги тиббиёт ходимларини пахтага олиб чиқиш бўйича масъул бўлган.

Ҳодисани яқиндан ўрганган "Қўрқмаслар" гуруҳи фаоли Малоҳат Эшонқулованинг Би-би-сига айтишича, Фахриддин Саидов 16 сентябр куни тиббиёт ходимларини пахтага жалб қилаётган маҳал ишхонада жон берган.

"Шифокор ва ҳамширалар Фахриддин Саидовнинг олдига келиб пахтага чиқмаймиз, деб шикоят қилган. Президент ва ҳукумат мажбурламанглар деб турган вақтда нимага бизни пахтага теришга мажбурлаяпсизлар. Сиз касаба уюшмаси раиси сифатида бизнинг ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишингиз керак эмасми, деб савол беришган. Ўша маҳал Саидовнинг аҳволи ёмонлашган ва жонлантириш бўлимида жони узилган", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Эшонқулова марҳумнинг яқинларига таяниб айтишича, Фахриддин Саидов ўлимидан икки кун олдин мажлисда сўкиш эшитиб мазаси қочиб қолган.

"Икки кун олдин селектор мажлисида пахтага чиқаётган одамларнинг давомати тўғрисида раҳбарлардан сўкиш эшитган. Ўшанда мазаси қочиб, юраги хуруж берган. Ҳамкасблари кўрикдан ўтказиб, даволаниш кераклигини айтишган. Аммо пахтани тугатиб олайлик, кейин ётиб даволанаман, деб рози бўлмаган", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Самарқанд туманига бориб вазиятни ўрганган Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, туманда шифокорлар ҳамон пахта теришга мажбурланмоқда.

Бу ишдан бош тортган шифокор ва тиббиёт ходимлари туман ҳокими аралашуви билан ишдан олинган.

Ҳоким туман Бош шифокорини пахтага одам олиб чиқиш кераклигини айтиб бошқа шифокорлар олдида ҳақорат қилган.

Олдинроқ Жиззах вилоятидан ўқитувчи Гулзода Тожибоеванинг пахтадан қайтишда автобус остида қолиб ҳалок бўлгани хабар берилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02