Ўзбек мулозими пахта майдонларини қисқартиришга қарши чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Акмал Камолов пахтани машинада териш ортганини айтган, аммо аниқ рақам келтирмаган

"Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси раиси Акмал Камолов ўтган чорак асрда пахта майдонлари қарийб ярмига қисқаргани, ҳозирда мавжуд пахта ҳосили ҳажмини сақлаб қолишнинг муҳимлигини айтган.

Бу ҳақда у душанба куни Тошкентда очилган XIII Халқаро пахта ва тўқимачилик саноати ярмаркасининг очилишидаги нутқида гапирган.

Podrobno.uz нашрининг Камоловдан иқтибос келтиришича, ҳозирда етиштирилаётган 1,2 миллион гектар майдондаги пахта ҳосили мамлакат тўқимачилик саноати учун муҳим.

"Ўзпахтасаноатэкспорт" раҳбари пахта йиғим-теримини механизациялаштириш устувор вазифа бўлиб қолаётгани ва машинада териб олинган пахта ҳажми ортаётганини айтган, аммо ҳеч қандай рақам келтирмаган.

Пахта майдонларининг қисқариши, унга кўра, қишлоқ хўжалигида олиб борилган ислоҳотлар ва иқтисодни диверсификация қилиш уринишларининг натижасидир.

Акмал Камоловнинг айтишича, Ўзбекистон минтақанинг фан-техника, ишлаб чиқариш ва нақлиёт соҳасида, шунингдек, сайёҳлик, молиявий ва маданий марказига айланиш учун етарли салоҳиятга эга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давом этмоқда

Аввалроқ "Ўзагротехсаноатхолдинг" раиси Нодир Отажонов Ўзбекистон келаётган йилларда пахтани тўла машинада териб олишга ўтишини айтганди.

Бунинг учун ички бозорга ҳар йили 10 минга пахта териш машинаси етказиб берилиши керак.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб 1000дан ортиқ машина пахта теришга жалб этилгани айтилади.

Ўзбекистон бу йил ишлаб чиқарган 550 та пахта териш машинасининг 50 тасини Туркманистонга сотган.

Айни пайтда мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳақидаги расмий баёнотларга қарамасдан, жойларда ўқитувчи, талаба ва шифокорларнинг пахта теришга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келишда давом этмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ