Ўзбекистон бизнес муҳити яхшиланган юқори ўнталикка кирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи World Bank

Жаҳон Банкининг "Бизнес юритиш" (Doing business) ҳисоботида Ўзбекистон 2017 йилнинг бизнес муҳити яхшиланган юқори ўнталик давлатлари қаторидан ўрин олган.

"Форбс" Мирзиёевни Дэн Сяопинга қиёслади

Ўзбекистон ҳукумати сармоя муҳити ёмонлигини тан олди

Сафоев: "Иқтисодий ислоҳотлар кечиктирилмаслиги лозим"

Биринчи ўнталикка Ўзбекистон билан бирга Бруней, (иккинчи йил кетма-кет), Тайланд, Малави, Косово, Ҳиндистон ва Замбия ҳам кирган.

Ўзбекистон бу йилги рўйхатда 13 поғона юқори кўтарилган ва 190 давлат орасида 74-ўринни эгаллаган.

Жаҳон Банкининг ҳисоботи ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистонда бизнесни рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилгани, солиқларнинг камайтирилгани ва хусусий мулкни қайддан ўтказиш ҳамда электр тармоғига уланишнинг қулайлаштирилгани сингари омилларни қайд этган.

'Ислоҳотчи'

Таҳлилчиларга кўра, Мирзиёев табиий ва меҳнат заҳираларига бой Ўзбекистон иқтисодини очиш сари қатор муҳим қадамларни қўйган.

Жумладан, қўшнилар билан чегара савдоси ва маҳаллий тадбиркорларнинг хорижга маҳсулот экспорт қилишлари йўлидаги қатор сунъий тўсиқлар олиб ташланган.

Бир вақтнинг ўзида маъмурий ислоҳотларга доир концепцияни амалга ошириш бошланган.

Аввалроқ АҚШда чоп этиладиган "Форбс" (Forbes) нашри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Хитойнинг ислоҳотчи раҳбари Дэн Сяопинга қиёслаганди.

Forbes минтақанинг бир пайтлар дунёга ёпиқ ва шўро услубида бошқарилган давлати эндиликда ўзини ўзи "қайта ишга тушириш"га уринаётганини айтган.

Нашр 5 сентябрда жорий этилган ўзбек сўмининг эркин конвертацияси иқтисодий юксалишнинг муқаддимаси бўлиши мумкинлигини башорат қилган.

Ўтган йилларда Ўзбекистон Жаҳон Банкининг "Бизнес юритиш" ҳисоботида асосан, Африка давлатлари ёки урушлар бораётган Афғонистон билан бирга сўнгги қаторлардан ўрин олиб келган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02