Қирғизистон: 'Соипов Қирғизистонда яшамаган'

Image caption Айрим хабарларда Соипов оиласи Ўш воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга кўчиб ўтгани айтилган

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси 31 октябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида содир этилган ҳужумда айбланаётган Сайфулло Соипов Қирғизистон фуқароси бўлгани тўғрисидаги матбуот хабарларини рад этди.

Қўмитанинг матбуот котиби Рахат Сулаймановнинг сўзларига кўра, Сайфулло Соипов Қирғизистонда ҳеч қачон бўлмаган.

"Тошкентда туғилиб, ўсган Сайфулло Соипов Қирғизистон фуқаролигига эга эмас. У Қирғиз Республикасининг давлат чегарасидан ҳам ҳеч қачон ўтган эмас" ,- дейди идора масъули.

Аввалроқ АҚШ матбуотида Соипов Қирғизистонинг Ўш шаҳрида туғилиб ўсгани ва 2010 йилдаги этник тўқнашувлардан сўнг оиласи Ўзбекистонга кўчиб боргани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлган эди. Бу каби маълумотлар Ўзбекистондаги интернет нашрларида ҳам чоп этилган.

Жумладан, kun.uz сайти "Ўш - Вологда - Нью-Йорк. Манҳэттенга ҳужум қилган террорчининг тарихи" сарлавҳали мақола чоп этган.

"Соиповнинг танишлари ўз аккаунтларида яшаш жойи сифатида Тошкент ва Ўшни кўрсатишган. Умумий ҳисобда Соиповнинг дўстлари сафида 23 киши бўлган. Улардан бири Republic'га Соипов бир муддат Ўшда яшаганини тасдиқлаган" - дейилади мақолада.

Бунинг ортидан Қирғизистон Ҳавфсизлик идораси тезкор раддия баёноти билан чиққан.

Ўз навбатида Сайфулло Соипов Тошкент шаҳрида туғилиб ўсгани ва Ўзбекистон фуқароси экани қўшни давлат расмийлари тарафидан тасдиқланган. У 2010 йилда "Грин Карта" дастури орқали Америкага кетганлиги маълум бўлган.

Саккиз инсон умрига зомин бўлиб, 12 кишини жароҳатлаганликда айбланаётган Соипов, хабарларга кўра, "Исломий Давлат"га ҳайриҳоҳ эканлигини тан олган.

Ҳабарларга кўра, полиция ўқидан яраланган Соипов давтлабки тергов пайтида содир этган жиноятидан пушаймон эмаслигини айтган.

Ўзбекистон томони тергов жараёнида "барча куч ва воситалар" билан кўмак беришга тайёрлигини изҳор қилган.

Шу йил апрелида Санкт-Петербургда 14 кишининг ҳаётига зомин бўлган портлашда Россия фуқаролигини олган қирғизистонлик этник ўзбек Акбаржон Жалилов айбланганди.

Санкт-Петербург ҳужуми: "Акбаржон содда бола эди"

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02