Россияда олиб қўйилган ўзбек қизча ҳали ҳам онасига қайтарилмади

Image caption Рухшонани бугун қайтариб олиш йўлидаги умидлар чиппакка чиқди.

Москва областида 3 ноябрда полиция ходимлари томонидан олиб кетилган 6 ёшли Рухшона воқеасига Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси вакиллари ва тажрибали ҳуқуқ ҳимоячилари аралашди.

Феруза қизчасини "Согласие" марказидан олиб кетишига ишонч билан келишди. Яқинлари эса қарийб бир ойдан бери кўрмаган Рухшонанинг уйга қайтишини байрам қилиб нишонлаш тараддудидалар.

Видеолавҳани томоша қилиш учун мана бу ерга босиб BBCUzbek ютюб каналига киринг.

"Айни пайтда Ўзбекистон фуқароси бўлган воя етмаган шахсни оиласига қайтариш эҳтимолида комиссияни чақирилиши ва қарорни қабул қилиши билан масала ҳал бўлади. Бунга яна ярим соатча вақт кетади ва ундан сўнг болани беришади. Ҳаммамиз шунга умид қилаяпмиз," - ҳуқуқшунос Бахром Исмаилов.

"Согласие" марказига ташрифдан бир неча соат аввал ҳуқуқшунос ва консуллик вакили Ўткировлар иши юзасидан Клин шаҳар прокуратурасига мурожаат қилишди. Прокурор вазият билан танишиб чиққач, болани онасига қайтариш тўғрисида буйруқ берди.

Василий Виляев, Клин шаҳар прокурори вазифасини бажарувчиси кимгадир сим қоқди: "Раҳбарингга қўнғироқ қил ва айтки, мен болани онасига беришим ҳақида топшириқ берганимни етказ. Тамом."

Image caption Полицияга кўра, Рухшона қаровсиз қолган.

Бундан олдин, 22 ноябрда вояга етмаганлар масалалари Клин шаҳар комиссияси Рухшона Ўткированинг қўли ва оёғида кўкарган излар борлигини билдириб, олти яшар қизчани онасига қайтариб бермаслик тўғрисида қарор чиқарганди.

Москвадаги элчихона консуллик бўлимининг биринчи ўринбосари Тохир Арипов ҳам буйруқдан умидвор бўлди.

"Бу вазиятни оммавий ахборот воситалари орқали назорат қилиб турдик. Бугун келиб, юристлар ҳамкорлигида Клин шаҳар прокуратурасининг раҳбари билан гаплашдик. Прокурор полиция томонидан олиб қўйилган болани онасига қайтариб бериш тўғрисида ўз ходимларига топшириқ берди. Жумладан полиция бўлимининг раҳбари ҳам болани дарҳол онасига бериш ҳақида топшириқ олинди," - дейди у.

Масъул вакиллар "Согласие"га йўл олишди. Феруза қизини олиши мумкинлигидан хурсанд.

Ферузага журналистлар ва ҳуқуқшунослар аралашувидан сўнг қизини ҳар куни кўргани келишга рухсат берилган эди. Онаси билан учрашаётганидан сўнг Рухшона уйига кетгиси келаётганини айтган.

"Уйга кетаман. Қизимни олай, элчихонага бориб хужжатларни тайёрлайман ва кетаман," - дейди Феруза Ўткирова.

Аммо, прокурорнинг оғзаки буйруғи иш бермади.

Марказ раҳбарияти комиссия қарорисиз бола берилмаслигини маълум қилди.

Полиция вакиллари чақирилди, экспертиза хулосаси тайёр бўлмагунича болани қайтариш рад этилди.

Комиссияга кўра, бола калтакланган, она эса бу хулосани рад этаяпти.

Россия полицияси ўзбекистонлик онанинг боласини олиб қўйди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002