Ўзбекистонда журналистлар фаолияти "соддалаштирилади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи MARI MATSURI/afp/gettyimages
Image caption Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўйича дунёда охирги ўринларни эгаллаб келади.

Ўзбекистон парламенти журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига боғлиқ қонун лойиҳаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақида норма.уз ҳуқуқий портали хабар берди.

Хабарда айтилишича, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунга киритилиши таклиф қилинган қўшимча ўзгартиришларга кўра, оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш бўйича аризаларни кўриб чиқиш жараёни соддалаштирилади, ҳамда интернетда веб-сайтларни ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби такомиллаштирилади.

Ундан ташқари, хабарга кўра, журналистлар ва ижодий гуруҳларга солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар бериш, молиявий ва ижтимоий кўмак кўрсатиш бўйича ҳуқуқий механизмлар киритилади.

"Журналистнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга таклиф қилинган ўзгартиришларга биноан эса, журналистларга ўз фаолиятини амалга оширишда қўшимча ҳуқуқлар берилиши муҳокама қилинди.

Айни қонуннинг мақсади давлат идораларининг шаффофлигини таъминлаш ва журналистлар нуфузини оширишдир.

Матбуот ва сўз эркинлиги даражасини таҳлил қилувчи халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни мунтазам равишда журналистларни таъқиб қиладиган ва сўз эркинлигини бўғадиган мамлакат сифатида тасвирлаб келадилар.

Хусусан, Чегара билмас мухбирлар гуруҳининг 2017 йилги ҳисоботида Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўйича ночор 169-ўринни эгаллаган.

Айни ташкилотнинг 2016 йилги ҳисоботида Ўзбекистон уч ўрин юқорироқда эди.

ЎзЛиДеП: "бир-икки босар-тусарини билмай қолганларни дея, демократик ислоҳотларга зарар етмайди"

Шерзод Қудратхўжаев: "Бошловчилик ўрнини ёшларга бераман"

Муҳаммад Бекжон озодликка чиқди