'Ўзбекистон болалар меҳнатига чек қўйди, мажбурий меҳнат давом этмоқда'

Image caption ХМТга кўра, 2017 йилги пахта йиғим-терими "шаффоф ва ўзаро мулоқот" руҳида ўтган.

Ўзбекистон охирги бир неча йил мобайнида пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан мунтазам фойдаланишга чек қўйди.

Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчилари ана шундай хулосага келишган.

Пахта-2017: Касалманд мардикор оналар ва ташландиқ болалар

Қашқадарёда ўқитувчи ва талабалар яна пахтага ҳайдалди

ХМТнинг 12 декабрь куни эълон қилган баёнотида айтилишича, айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам беришга қаратилган аниқ чораларни ҳаётга тадбиқ қилмоқда.

ХМТга кўра, ташкилот кузатувчиларининг ушбу хулосалари Тошкентда шу йилнинг 30 ноябрь куни ўтган давра столида муҳокама қилинган.

Бу ҳақдаги махсус ҳисобот келгуси йил бошида Жаҳон Банкига тақдим этилади.

Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчилари бу йилги пахта кампанияси чоғида барча вилоятлардан теримчилар билан суҳбатлар уюштиргани, бунрдан ташқари тасоджифан танлаб олинган 1000 киши билан телефон сўровлари олиб борилганини айтган.

Ташкилотнинг қайд этишича, 2017 йилги пахта йиғим-терими "шаффоф ва ўзаро мулоқот" руҳида ўтган.

Унда фуқаро жамияти вакиллари ва алоҳида фаоллар ҳам иштирок этгани айтилади.

ХМТ Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқишида бу борадаги вазиятни ўзгартириш юзасидан қатъий мужда берганини айтган.

Ҳақиқатан ҳам Мирзиёев Нью-Йоркда экан, 21 сентябр куни Бош вазир Абдулла Арипов ўқитувчи, талаба ва шифокорларни пахта далаларидан қайтаришга буйруқ берганди.

Аммо орадан бир муддат ўтиб, бюджет ходимлари яна пахтага ҳайдалган.

Инсон ҳақлари фаоллари хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ўқитувчи ва шифокорларнинг пахта теришга мажбурланганига оид кўплаб далилларни тўплашган.

Президент Мирзиёев Конституциянинг 25 йиллигига бағишланган нутқида мамлакатда мажбурий меҳнатга чек қўйилганини эълон қилганди.

Аммо ХМТ ҳозирча бундай хулосага келмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002