Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти анжуманига Сенат раисини йўллади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Аввалроқ Эрдўғон Мирзиёевни Ислом меросига муносабати учун олқишлаганди

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Қуддус муносабати билан чақирилган Истанбулдаги фавқулодда анжуманида Ўзбекистонни Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев намоён этмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳукумат ҳайъати таркибида яна кимларнинг борлиги ҳақида маълумот бермаган.

Истанбулдаги анжуман масаласи душанба куни Президент Мирзиёев ва Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг телефон мулоқотида кун тартибида ҳам бўлгани хабар қилинган.

Анжуманга нима учун Президент Мирзиёев ё-да Ташқи ишлар вазири Комиловнинг бормагани сабаби изоҳланмаган.

Аввалроқ Эрдўғон Мирзиёевни Ислом меросига муносабати учун олқишлаганди.

Бу ҳақда Мирзиёев шу йил сентябрида Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳига ташрифи чоғида маълум қилган.

Унинг АҚШдаги ватандошлар билан суҳбат чоғида айтишича, Эрдўғон Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан сўзлаган нутқида Имом Бухорий номини тилга олгани учун миннатдорчилик билдирган.

Чоршанба куни Президент Эрдўғоннинг ташаббуси билан Истанбулда чақирилган ИҲТнинг фавқулодда анжумани аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви билан бошланган.

Анжуманда Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан бирга 48 давлатдан вакиллар, жумладан, 16 давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Анжуманда 48 давлатдан вакиллар, жумладан, 16 давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Анжуманнинг очилишида Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан бирга журналистларга гапирган Эрдўғон Исроил "террорчи давлат" экани ва Трамп эълон қилган қарорнинг "кучи йўқ"лигини айтган.

"Кўп гапнинг кераги йўқ. Қуддуснинг қадимий кўчаларида бир неча дақиқа айланган одам унинг ишғол остида эканини англаб етади. Зотан, ишғол остида бўлган шаҳар билан боғлиқ бу каби қарорнинг ҳеч қандай ҳукми йўқдир", - деб айтган Президент Эрдўғон.

Жимжитлик

Ўзбекистон ҳозиргача АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилиши юзасидан ҳеч қандай расмий баёнот бермаган.

Аксар мусулмон давлатлари Президент Трампнинг қарорини қоралашган.

Фаластин ва дунё бўйлаб айни қарорга қарши намойишлар ўтмоқда.

Европа Иттифоқи Исроил бош вазири Нетаняҳунинг Трамп қарорини дастаклаш ҳақидаги истагини рад этган.

Минтақа давлатларидан ҳозиргача фақат Қозоғистон Трампнинг қарорига муносабат билдирган.

Расмий Остонага кўра, ушбу қарор минтақани янада беқарорлаштиради.

Қозоғистон Исроил-Фаластин можаросини тинч йўл билан ва халқаро ҳуқуқ доирасида ечилиши тарафдори эканини яна бир марта урғулаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002