'Шарқий Қуддус Фаластин пойтахти бўлиши керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрдўғон Исроилни "террорчи давлат" деб атаган.

Истанбулдаги анжуманда 57 мусулмон давлатлари раҳбарлари дунёни "Фаластинни мустақил давлат ва шарқий Қуддусни унинг ишғол остидаги пойтахти" деб тан олишга чақирувчи баённомани имзолашди.

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти анжуманига Сенат раисини йўллади

Исломий ҳамкорлик ташкилотининг баённомасида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроилнинг пойтахти, деб тан олиш ҳақидаги қарори "кучга эга эмас" деб айтилади.

Унга кўра, Трампнинг қарори Вашингтон Яқин Шарқ тинчлик жараёнидаги ролидан воз кечаётганини англатади.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос БМТ бош воситачилик ролини ўзига олиши кераклигини айтган.

Аббосга кўра, Америка можарода Исроилнинг тарафини олгани боис, бундан буён унинг воситачилик ролини қабул қилиб бўлмайди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Қуддус муносабати билан чақирилган Истанбулдаги фавқулодда анжуманида Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан бирга 48 давлатдан вакиллар, жумладан, 16 давлат раҳбарлари иштирок этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон анжуманга Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошевни йўллаган.

Анжуманнинг очилишида Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан бирга журналистларга гапирган Эрдўғон Исроил "террорчи давлат" экани ва Трамп эълон қилган қарорнинг "кучи йўқ"лигини айтган.

"Кўп гапнинг кераги йўқ. Қуддуснинг қадимий кўчаларида бир неча дақиқа айланган одам унинг ишғол остида эканини англаб етади. Зотан, ишғол остида бўлган шаҳар билан боғлиқ бу каби қарорнинг ҳеч қандай ҳукми йўқдир", - деб айтган Президент Эрдўғон.

Ўзбекистон ҳозиргача АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилиши юзасидан ҳеч қандай расмий баёнот бермаган.

Аксар мусулмон давлатлари Президент Трампнинг қарорини қоралашган.

Фаластин ва дунё бўйлаб айни қарорга қарши норозилик намойишлари ўтмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002