Ўзбек она: "Қайтиб Россияга қадам босмайман!"

Image caption Феруза Ўткирова полициянинг даъволарини рад этади.

3 ноябрь куни Москва вилоятида полиция ходимлари томонидан олиб кетилган 6 ёшли Рухшона Ўткирова оиласига бағрига қайтди. У қарийб 2 ой мобайнида Клин шаҳридаги "Согласие" реабилитация марказида сақланди.

Видеони BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Бу вақт мобайнида Рухшонанинг тоби қочди, шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида ҳам даволаниб чиқди ва яна марказга жойлаштирилди.

Бундан олдин, 22 ноябрда вояга етмаганлар масалалари бўйича Клин шаҳар комиссияси Рухшона Ўткированинг қўли ва оёғида кўкарган излар борлигини билдириб, 6 яшар қизчани онасига қайтариб бермаслик тўғрисида қарор чиқарган эди.

Феруза Ўткирова полиция даъволарини рад этди. Қизини ҳеч ким урмаслигини, болани полиция олиб кетганида танасида ҳеч қандай излар бўлмаганини билдирди.

Мазкур воқеага Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси вакиллари ва тажрибали ҳуқуқ ҳимоячилари аралашди. Феруза Ўткирова қарор юзасидан шаҳар прокуратурасига шикоят ёзди. Клин шаҳри прокурори болани онасига қайтариш тўғрисида буйруқ ҳам берди.

Шунга қарамай, узоқ муддатли текширувлар, қоғозбозликлар давом этди.

Рухшона тиббий экспертизадан ўтказилди, бироқ экспертиза хулосаси маълум қилинмади.

27 декабрь куни Клин шаҳри вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси ўзбекистонлик қизчани онасига қайтаришга қарор қилди.

Феруза Ўткирова қизини олиши билан Ўзбекистонга, Бухорога йўл олди.

- "2 ой сарсонгарчиликлардан кейин қизимни олдим. Хужжатларимиз жойида эмаслиги учун 5000 рубль жарима ҳам тўладим. Болам касал бўлиб, шифохонада ётиб ҳам чиқди. Шу ўтган ойлар ичида кўрмаган қийинчиликларим қолмади. Боламни олсам бўлди, деб шу идорада ишлаётган русларнинг ҳамма ҳақоратию хўрликларига чидадим. Энди Россияга қайтиб қадам босмайман!" - деди Феруза Би-Би-Сига йўлга чиқиш олдидан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002