Ўзбекистонда ОВИР визаси қачон бекор бўлиши айтилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи uzbekistan24

Ўзбекистонда чет элга чиқиш паспорти 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий этилади.

Ушбу санадан эътиборан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет элга чиқиш рухсат ёзуви талаб этилмайди.

Чиқиш визаси керакми?

Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Б.У.Шариксиевнинг сўзларини келтирган.

"Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Б.У.Шариксиев жавоб беради: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элга чиқиш паспортини жорий этиш тўғрисида"ги ПФ-5156-сонли Фармонига асосан 2019 йилнинг 1 январь кунидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет элга чиқишлари учун "чет элга чиқиш паспорти" жорий этилади, унга кўра, ушбу чет элга чиқиш паспорти билан хужжатлаштирилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет элга чиқиш рухсат ёзуви талаб этилмайди", - деб айтган Ички ишлар вазирлиги мулозими.

Аммо мулозим хорижий паспорт қанча муддатга берилишини айтмаган.

Президент Мирзиёев шу йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясида қилган нутқида хорижга чиқиш визасини "ўтмиш қолдиғи" деб атаганди.

"Хорижга чиқиш визалари сингари умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қилинди", деган Президент БМТ минбаридан қилган нутқида.

Инсон ҳақлари ташкилотлари Ўзбекистонда совет давридан буён амал қилиб келган чиқиш визасини фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чекловчи Конституцияга зид акт, дея қоралаб келганлар.

Уларга кўра, ҳукумат чиқиш визасидан ўзгача фикрдаги инсонларнинг ҳаракатланишини чеклашда фойдаланиб келган.

Янги йил арафасида 6 йиллик тақиқдан сўнг таниқли рассом Вячеслав Охуновга чиқиш визаси берилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002