Ўзбекистонлик йигит АҚШ ядровий кемаларини қурмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Daily Press
Image caption Владислав Касанаве

Американинг Daily Press газетаси ҳозирда АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг ядровий кемаларида ишлаётган асли ўзбекистонлик мутахассис ҳақида мақолани чоп қилди.

Владислав Касанаве 1990 йилда Тошкентда туғилган.

Мақолада ёзилишича, 10 ёшлигида ёш онаси билан Нью-Йоркнинг Куинс туманига кўчиб келган. Онасининг чўнтагида атиги 100 доллар бор эди, ва улар инглиз тилини билишмасди.

Владислав ҳозирда Newport News Shipbuilding кемасозлик компаниясининг Apprentice School мактабини аъло баҳолар билан якунлаш арафасида.

У ташқи машинист касби билан бир қаторда фронт чизиғида хизмат қилиш салоҳияти бўлган етакчи мутахассисларни тайёрлайдиган дастурни ҳам якунлади.

"Онам билан бу ерга келганимизда, бу узоққа чўзиладиган сафар бўлиши учун қўлимиздан келганини қилишга аҳд қилгандик", - дейди у.

Унинг учун АҚШга кўчиш жуда катта ўзгариш эди, чунки Ўзбекистондаги ҳаёт унга "ўтмишга қайтиб" яшашдек туюлган.

"Ҳамма нарса кечикарди. АҚШда чиққан ашула 1-2 йилдан кейин Ўзбекистонга етиб борарди", - дейди у.

Владислав самолёт ва сувости кемаларини ташувчи ядровий кемаларнинг йирик механик компонентлари билан ишлайди.

Huntington Ingalls Industries компаниясининг бир қисми бўлган кема қуриш майдони АҚШ ҳарбий денгиз кучларига кемалар ва сувости кемаларини қуриб берувчи ягона ширкатдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002